Қашқадарёдаги кўлдан 57 ёшли эркакнинг жасади топилди
3-саҳифа
−
12 Октябрь 2023
11422Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги “Сечанкўл” сунъий сув ҳавзасидан 57 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимининг матбуот котиби Аҳрор Содиқов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Косон тумани “Юқори Оброн” МФЙда яшовчи 57 ёшли фуқаро Т.З. таниши С.О. билан бирга Миришкор тумани Помуқ қишлоғида жойлашган “Сечанкўл” сунъий сув ҳавзасига балиқ овлаш учун борган. Т.З. ов жараёнида ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида сувга йиқилиб, чўкиб кетган.
Мазкур ҳудудда қидирув ишларини олиб борган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор ходимлари воқеадан 5 кун ўтиб, 10 октябрда Т.З.нинг жасадини топиб, сувдан олиб чиққан.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштирилган. Шунингдек, марҳумнинг жасади ташқи томондан кўздан кечирилиб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июль куни ҳам айнан ўша – Миришкор туманидаги “Сечанкўл” сунъий сув ҳавзасида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси профилактика инспектори Ж.Э. чўкиб кетиб, ҳалок бўлган эди. Унинг жасади ҳудудда олиб борилган 6 кунлик қидирувлардан сўнг топилиб, 5 август куни сувдан олиб чиқилганди.