Қашқадарёда маст фуқаро танишини отиб қўйди
3-саҳифа
−
01 Апрель
10802Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида маст фуқаро танишини отиб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Жорий йилнинг 29 март куни Шаҳрисабз шаҳар, “Қўшхона” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.У. машинасида кетаётганида ўзига олдиндан таниш бўлган Ш.Р.ни кўриб қолган. Улар биргаликда кафеда спиртли ичимлик ичган. Икки фуқаро кафедан чиқиб, таниши А.Т.ни кўриб қолади ва кейин учаласи соат 19:30 ларда яна спиртли ичимлик ичишга кетади.
Овқатланиш давомида фуқаро Ш.У. таниши А.Т. билан 50 минг сўм устида жанжаллашиб қолади. Оқибатда Ш.У. кўчада турган автомашинасидан темир қувурдан қўлбола усулда ясалган қуролни олиб, А.Т.нинг бошига ўқ узган ва ҳодиса жойидан кетиб қолган. Фуқаро А.Т. Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Ш.У. ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, автомашинаси билан кетаётганида воқеа ҳудудидан тахминан 500 метр узоқликда туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.
Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг маълумотномасида А.Т.нинг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишдаги тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада экани қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан Ш.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “д","л” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.