Қашқадарёда кўприк қулаб тушди
Жамият
−
16 Февраль
29512Бугун, 16 февраль Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳудудидан ўтувчи “Муборак - Помуқ – Аланг - Нишон” автомобиль йўлининг 17 кмда, 1982 йилда (зовур устида) қурилган, узунлиги 12 пм бўлган кўприкнинг қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга Муборак тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида кўприк носоз ҳолатга келиб қолган.
"Ҳозирда кўприкдан ҳаракатланиш тўлиқ чекланган, ахборот берувчи йўл белгилари ўрнатилган ва автотранспорт ҳаракати учун вақтинчалик айланма йўл ташкил қилинган", дейилади ушбу муносабатда.
Қўшимча қилинишича, содир бўлган ҳодиса туфайли салбий ҳолат кузатилмаган. Шунингдек, кўприк жорий йилнинг иккинчи чорагида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилади.
"Мазкур кўприк Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2023 йил 10 октябрдаги қарорининг 4-иловасига мувофиқ, 2024 йилда қайта қуриш белгиланган бўлиб, жорий йил 2-чорагида тўлиқ қайта қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда" дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг баҳор ойларида Қорақалпоғистон ва Хоразмни боғловчи кўприк қулаб тушган эди.