Қашқадарёда карантин чекловлари кучайтирилди
Жамият
−
29 Июнь 2021
11135Хабарингиз бор, 28 июндан Ўзбекистон ҳудудидаги жорий карантин тартиби кучайтирилганди. Унга кўра, Тошкент шаҳри ҳудудига кириш ва чиқиш бўйича маълум чекловлар жорий қилинди. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг мазкур қарори асосида Қашқадарё вилоятида ҳам чекловлар тикланмоқда.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудудида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда ва Республика махсус комиссиясининг қарорига асосланиб, Қашқадарё вилоятда ҳам қўшимча чекловлар жорий қилинди. Унга кўра:
● жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб вилоят ҳудудида кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, билярд заллари ва компютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 22:00 гача рухсат берилади;
● кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатади;
● супермаркет ва бошқа йирик дўконларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, дезинфекцион “тўшаклар” ва антисептик воситалари билан жиҳозлаш, уларга киришда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37С ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда киритмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиши таъминланади;
● барча бозорлар – деҳқон ва буюм бозорлари, пиширилган таомлар билан савдо қилувчи бозорлар, кунлик бозорлар, қурилиш моллари билан савдо қилувчи бозорлар, автомобил ва улгуржи бозорлар ҳафтанинг бир кунини санитар-тозалаш учун ёпилади;
● кунлик ва жума намозларини фақат масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонларида (очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси, масжидга туташ ички кўчалар) тиббий ниқобда бўлиш ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этилади;
● коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар ва ушбу инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Қарши шаҳридаги “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ балансидаги “Геолог” спорт мажмуасида ташкил этилган COVID-19 тақсимлаш маркази фаолияти қайта тикланади.