Қашқадарёда бўри қийноққа солинди (видео)
3-саҳифа
−
15 Декабрь 2023
16580Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда фуқаролар бўрини машинага солиб, қийнаётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, воқеа 11 декабрь куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманида содир бўлган. "Яккадарахт" МФЙда яшовчи фуқаронинг қўйларига бўри ҳужум қилган. Шу сабаб бир нечта шахс томонидан ёввойи ҳайвон ушланган ва уйга олиб келиб, машинага боғлаб қўйилган.
Бошқарма берган маълумотга кўра, қонунбузарлар воқеанинг эртаси куни йиртқич ҳайвон ҳақида тегишли ташкилотларга хабар бермоқчи бўлган. Аммо бўри 11-декабрь куни кечқурун қочиб кетган.
Шунингдек, бошқарма ижтимоий тармоқлардаги бўрининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз экани, ҳозирда бўрини қийноққа солган фуқароларнинг шахси аниқланаётгани билдирилган. Бошқарма суриштирув якунланганидан сўнг, қонунбузарларга нисбатан чора кўрилишини ҳам қўшимча қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки азоб бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан (1 миллион 20 минг сўм) 5 бараваригача (1 миллион 700 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан (1 миллион 700 минг сўм) ўн бараваригача (3 миллион 400 минг сўм) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида 11 та ёввойи қум товушқонини овлаган шахс жаримага тортилганди.