Сурхондарёда 17 бош товушқонни ўлдирган браконьер ушланди
Жамият
−
22 Ноябрь 2023
10027Сурхондарё вилоятида 11 та ёввойи қум товушқонини овлаган шахс жаримага тортилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 20 октябрь куни Сурхондарё вилояти Экология бошқармасига номаълум шахс томонидан ёввойи қум товушқони овлангани акс этган расм келиб тушган. Сўнгра ушбу маълумотга асосан экологик суриштирув ўтказилган.
Натижада суратдаги шахс Ангор тумани “Хомкон” маҳалласида яшовчи фуқаро эканлиги аниқланган. Маълум бўлишича, ушбу шахс Ангор ва Музработ туманлари ҳудудида 2022 йилда рухсатномасиз 6 бош, 2023 йилда эса 11 бош қум товушқонини тунги вақтда таъқиқланган усул билан овлаган.
Оқибатда 2022 йилда овланган 6 бош қум товушқон сабаб табиатга 5 миллион 400 минг сўмлик, 2023 йил овланган 11 бош қум товушқони сабаб 10 миллион 890 минг сўмлик зарар етказилган. Умумий ҳисобда табиатга етказилган зарар 16 миллион 290 минг сўмни ташкил этади.
Бошқармага кўра, ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар тайёрланиб, фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 4-қисмига асосан жазо тайинланган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда жорий йилнинг бошидан бери ноқонуний балиқ овлаган 25 нафар браконьерга чора кўрилганди.