Сирдарёда йил бошидан ноқонуний балиқ овлаган 25 браконьерга чора кўрилди
3-саҳифа
−
15 Май 2023
3661Жорий йилнинг бошидан бери Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаган 25 нафар браконьерга чора кўрилди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги Сирдарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд эътилишича, Сирдарё вилоятида 2023 йилнинг 11 май ҳолатига кўра, ноқонуний балиқ ови билан боғлиқ 25 та ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 36 млн 600 минг сўм жарима ҳамда 51 млн 480 минг сўм табиатга етказилган зарар миқдори қўлланилган.
Вилоятда энг сўнгги ноқонуний балиқ овлаш ҳолати Гулистон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёсидан фуқаро Х.Х. томонидан 2023 йил 10 майдан 11 майга ўтар кечаси амалга оширилган. У тақиқланган балиқ тутиш қуроллари ёрдамида жами 3 турдаги 17 дона балиқни ноқонуний равишда овлагани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар фуқародан 1 дона электр қармоқ, 1 дона аккумулятор ва ноқонуний овланган жами 3 турдаги 17 дона балиқ далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган.
Содир этилган ҳолат бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан ҳайвонот дунёсига етказилган 15 млн 840 минг сўм зарар ҳисобланган. Фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Нурмуҳаммад Файзуллаев