Қашқадарёда блогер нега “ичкари”га олиб кирилди? ИИБ изоҳ берди
Жамият
−
27 Май 2023
9276Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи блогер Элмурод Одилов пилла пунктида ИИБ ходимлари томонидан ўласи қилиб калтаклангани, айни пайтда изсиз йўқолгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.
Муносабатда айтилишича, жорий йилнинг 26 май куни тахминан соат 22:30 лар атрофида Яккабоғ тумани “Ибн Сино” МФЙ ҳудудида жойлашган пилла маҳсулотини сақлаш омборхонасида ўзини блогер деб таништирган фуқаро Элмурод Одилов пилла топшириш масканига борган.
Шу ерда фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол-жавоблар қилиши оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққан. Ушбу жараёнда фуқаро Э.Одилов фермерларни ҳақорат қилган.
Шундан сўнг пилла етиштирувчи фермерлар фуқаро Э.Одиловнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Ҳолат масъул ходимлар томонидан атрофлича ўрганилиб, фуқаро Э.Одиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 198-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлар бўйича Яккабоғ тумани судига юборилган.
Нурмуҳаммад Файзуллаев