Қанча пул тўласа ҳам дронларни Россияга сотмаймиз, биз Украина томондамиз – “Bayraktar” муаллифи

Олам 10536
image

Туркиянинг “Baykar Makina” компанияси ўзининг “Bayraktar” жанговар учувчисиз учиш аппаратларини Россияга етказиб беришни мумкин деб ҳисобламайди. Бу ҳақда компания бош директори Ҳалук Байроқдор бугун, 26 август куни BBC рус хизмати томонидан чоп этилган интервьюсида маълум қилган. 

“Биз учун пул биринчи ўринда эмас. Бизнинг бизнесимизда пул ва моддий ресурслар ҳеч қачон мақсад бўлмаган. Украина билан дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда. Шунинг учун бизга қанча пул таклиф қилишса ҳам, ростини айтсам,  бу вазиятда учоқларни уларга топшириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейди у дронларни Москвага сотиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб бериб. 

Халук Байроқдор қўшимча қилдики, унинг компанияси бутунлай Украина томонида ва қанча миқдор таклиф қилинмасин, ҳеч нарса Украина билан ҳамкорликка соя солмайди. 

5 август куни Россия Президенти Владимир Путин Сочида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокара ўтказди. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг кейинроқ журналистларга маълум қилишича, ушбу музокараларда дронларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича ҳамкорлик мавзуси муҳокама қилинмаган. Бироқ, сафарда Ражаб Тойиб Эрдўғанга “Bayraktar” муаллифи “Baykar Makina” компанияси директори Ҳалук Байроқдор ҳам ҳамроҳлик қилганди. 

Маълумот учун, “Bayraktar” ишлаб чиқарувчиси Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қудаси саналади. Учоқларнинг асл муаллифи унинг куёви Селчук Байроқдор. 

Эслатиб ўтамиз, Россия Мудофаа вазирлиги “Армия-2022” ҳарбий-техник форумида илк бор Украинадаги махсус операция давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган “Bayraktar TB2” учувчисиз учиш аппаратини намойиш этди. 

Шунингдек, Кремль Туркиянинг “Baykar” компанияси Украинада “Bayraktar TB2” ҳужумчи учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш заводи очса, у дарҳол йўқ қилинишини айтиб, таҳдид қилганди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 272
Рейтинг: 3
t
×