Туркия устидан мазах: Россия уриб туширилган “Bayraktar”ни намойишга қўйди
Олам
−
18 Август 2022
19767Россия Мудофаа вазирлиги “Армия-2022” ҳарбий-техник форумида илк бор Украинадаги махсус операция давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган “Bayraktar TB2” учувчисиз учиш аппаратини намойиш этди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Аэрокосмик мудофаа ҳарбий академияси ўқитувчиси подполковник Антон Хаперскийнинг сўзларига кўра, MAM-L ва MAM-C бошқариладиган бомбалар билан қуролланган Туркияда ишлаб чиқарилган ҳужумкор дрон Украинанинг Луганск вилоятидаги Сватово қишлоғи яқинида уриб туширилган.
“Bayraktar” деярли кўргазма очилган биринчи кундан бери шу ерда. Менимча, бу биринчи марта намойиш этилмоқда. [У] деярли вайрон бўлган, бироз тикланган, таъмирланган – кўрсатишга тайёр эди”, дейди у.
Хаперскийнинг қайд этишича, кўргазма билан жиҳозланган қуроллар ҳақиқий, аммо жанговар каллаклари ечиб олинган.
“Буларни ҳам макет, ҳам ҳақиқий [ракеталар] деб айтишимиз мумкин. Яъни, улар ўша ердан олиб келинган, аммо уларда жанговар каллак йўқлиги аниқ. Халққа унинг (“Bayraktar” – таҳр.) қандай қуроллари борлигини кўрсатиш учун етказилган”, деб тушунтирган у.
Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған Россия қарши Украинага ҳарбий ҳаракатлар бошлашидан 20 кун аввал Киевга бориб, Зеленский билан бир қатор масалаларни муҳокама қилганди. Ушбу учрашувда Путин ва Зеленскийни Истанбулда кўриштириш ҳам кун тартибидаги масала бўлган ва Зеленский Эрдўғаннинг бу таклифига розилик билдирган.
Шунингдек, ушбу учрашувда Украинада Туркия билан ҳамкорликда учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланганди.
Маълумот учун, “Baykar Makina” компанияси Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор оиласига тегишли.
Bayraktar дрони
“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрон. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.
Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.
Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.
ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь