Кремлдан таҳдид: Украинада “Bayraktar” заводи очилса, йўқ қилинади
Олам
−
09 Август 2022
16001Туркиянинг “Baykar” компанияси Украинада “Bayraktar TB2” ҳужумчи учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш заводи очилиши билан дарҳол йўқ қилинади. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтган.
"Бундай объектни яратилиши билан демилитаризация мавзусига тушади. Бу фақат украиналикларнинг азоб-уқубатларини узайтиради, лекин махсус ҳарбий операция мақсадларидан қочишга ёрдам бермайди”, дейди Песков.
Айтиш жоизки, кеча, 8 август куни Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Боднар “Baykar Makina” Украинада дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун янги заводига ер сотиб олганини маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, корхона лойиҳасининг ўзи аллақачон ишлаб чиқилган. Унинг қўшимча қилишича, бундай қарор “компания эгаларининг деярли шахсий мажбурияти бўлган”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июль куни Украина Вазирлар Маҳкамасининг Олий Рададаги вакили Тарас Мельничук мамлакат ҳукумати Украинада Туркия билан “Bayraktar” дронларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича завод қуришга рухсат берувчи ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганини маълум қилди.
Шу билан бирга, июль ойи охирида Туркиянинг “Haber 7” телеканали Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сўзларига таяниб, Россия Президенти Владимир Путин “Bayraktar TB2” дронларига қизиқиш билдиргани ҳақида хабар тарқатганди.
“Bayraktar TB2” Ироқ, Сурия ва Ливияда ҳамда 2020 йилнинг кузида Қорабоғ урушида Озарбайжон томонидан Арманистонга қарши ишлатилган. 2021 йилнинг кузидан бери Украина дронларнинг асосий харидори бўлиб келмоқда. Биринчи марта Украина Қуролли Кучлари улардан 2021 йил октябрь ойи охирида фойдаланган.
LiveБарчаси