Италияда россиялик миллиардернинг яхтаси ҳибсга олинди 

Олам

image

Италия Молия гвардияси санкциялар остида қолган россиялик миллиардер Андрей Мельниченкога тегишли яхтани ҳибсга олди. Бу ҳақда Италия ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбаларга таяниб хабар берилган. 

Таъкидланишича, “А” синфидаги яхта 530 миллион еврога баҳоланган. Француз саноат дизайнери Филипп Старк томонидан ишлаб чиқилган ушбу яхта дунёдаги энг катта мотосейлер (мотор ва елканли кема) экани айтилади. 

Хабар қилинишича, бу кема Триест портидаги тураргоҳда бўлган. Bloomberg Billionaires Index (BBI) маълумотларига кўра, Мельниченко россиялик миллиардерлар рўйхатида олтинчи ўринда туради. Унинг бойлиги 19,5 миллиард доллар. 

Бундан аввал, Италия ҳуқуқ-тартибот идоралари Алексей Мордашов ва Геннадий Тимченконинг яхталарини мусодара қилгани ҳақида хабар берган. Маълумотларга кўра, Мордашовга тегишли “Lady M” яхтаси Империя портида, Тимченкога тегишли “Lena” яхтаси эса Сан-Ремода қўлга олинган. Иккала тадбиркор ҳам Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан қабул қилинган Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. 

Бунгача Германия расмийлари Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Алишер Усмоновдан 156 метрлик яхтани мусодара қилгани ҳақида айтилганди. Аммо маълумот кейинроқ инкор этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

санкция яхта

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг