Исроил яна бир масжидни вайрон қилди
Олам
−
09 Октябрь 2023
11921Исроилнинг ҳарбий ҳаво ҳужумлари оқибатида Ғазо сектори ғарбидаги “Эс-Суси” масжиди вайрон қилинди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил ҳаво кучлари Ғазо ғарбидаги Ал-Шати қочқинлар лагерида жойлашган масжидга ракета зарбалари берган.
Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақида маълумотлар бор, аммо уларнинг аниқ сони кўрсатилмаган.
Шу тариқа Ғазода 7 октябрдан бери вайрон бўлган масжидлар сони 6 тага етди. Аввалроқ Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб ва Ал-Ғарби масжидларига зарбалар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳужумларида 490 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2750 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроилнинг ўққа тутилиши оқибатида 15 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 800 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь