Исроил фаластинликларнинг Рамазон ойидаги сўнги жума намози учун Ал-Ақсога киришини чеклади

Олам

image

Исроил хавфсизлик кучлари фаластинликларнинг муборак Рамазон ойининг охирги жума намози учун босиб олинган Шарқий Қуддусга киришини чеклади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.

Айтилишича, Исроил хавфсизлик кучлари Қуддус ва Ғарбий Соҳил ўртасидаги назорат пунктига қўшимча кучлар юборган. “Календия” ва “300” назорат пунктлари олдида узун навбатлар ҳосил бўлган. Шу билан бирга, паспорт назоратидан сўнг барча фаластинликларга Ислом зиёратгоҳи – Ал-Ақсо масжидига боришга рухсат берилмаган.

Жума намозига киришга рухсат берилмаганлардан бири фаластинлик 59 ёшли Эяд Увайнат Исроил кучлари унинг Ал-Ақсо масжидида намозга қатнашишига тўртинчи марта тўсқинлик қилганини айтган.

Фаластинликларнинг бир қисми Қуддусга Ажратиш тўсиғи (Исроилни Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидан ажратиб турувчи 703 километр узунликдаги Исроил чегара иншооти) орқали боришга ҳаракат қилган, аммо уринишлари бесамар кетган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 20 март куни Исроил ҳукумати Рамазон ойида Ал-Ақсо масжидида намоз ўқишни хоҳловчи мусулмонлар учун ёш чегарасини жорий қилган. Фаластинликлар босиб олинган Ғарбий Соҳилни тарк этиш учун Ажратиш тўсиғи бўйлаб жойлашган 23 назорат пунктидан фақат биттасидан фойдаланиш имконига эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ яҳудийларнинг ақидапараст гуруҳлари исломнинг энг муқаддас маскани бўлмиш Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Пасха қурбонликларини уюштиришга чақирган эди. Бунга жавобан бир гуруҳ фаластинликлар масжид ҳудудида тунаб қолишганди. Исроил полицияси диндорларга қарши куч ишлатиб, масжид ҳудудида рейд уюштирганди. 200 дан ортиқ одам ҳибсга олинганди. Тел-Авивнинг ҳаракатларига жавобан Ғазо секторидан Исроил жанубига ракеталар учирилди. Бунга жавоб Исроил ҳаво кучлари блокададаги Фаластин анклавидаги иккита нишонга зарба берди. Бундай вазият бутун дунёда хавотир уйғотган, БМТ, Европа иттифоқи, Туркия, АҚШ, Канада, Хитой, Германия, Қозоғистон ва бошқа халқаро ташкилот ва давлатлар томонларни вазминликка чақирган эди. Кейинчалик Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Рамазон ойи тугагунга қадар яҳудий зиёратчилари ва сайёҳларига Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди жойлашган Маъбад тоғи мажмуасига боришни тақиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо Қуддус Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг