Қозоғистон ал-Ақсо масжидига ҳужум бўйича ўз позициясини эълон қилди
Олам
−
11 Апрель 2023
13687Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияров Исроил полициясининг ал-Ақсо масжидида фаластинликларга қарши ҳужуми бўйича республиканинг позициясини маълум қилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
“Қозоғистон Яқин Шарқда муборак Ал-Ақсо масжидига қилинган ҳужумлар муносабати билан кескинлик кучайиб бораётганидан хавотирда. Биз ҳозирги вазиятда соғлом фикр ғалаба қозонишига ва барча манфаатдор томонлар вазминлик кўрсатишига, зўравонлик ва вазиятни янада ёмонлашишига олиб келадиган қадамлардан ҳаракатлардан сақланишга умид билдирамиз”, деган Смадияров вазирликда бўлиб ўтган брифингда.
Унинг қўшимча қилишича, мазкур вазиятда статус-квога амал қилиш зарур.
“Умид қиламизки, сиёсий, диний ва жамоат раҳбарлари муқаддас Рамазон ойи ва Фисиҳ байрамида кескинликни камайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Қозоғистон ҳар доим бағрикенглик ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш тарафдори ва халқаро ҳамжамиятнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ Яқин Шарқ муаммосини тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди”, дейди Қозоғистон ТИВ вакили.
Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни Исроил хавфсизлик кучлари Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа воситалар ёрдамида ҳужум қилганди. Шундан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркия, АҚШ, Канада ҳамда бошқа бир қанча давлат ва ташкилотлар Исроил кучларининг мазкур ҳаракатидан ҳайрат ва хавотир билдирди. 7 апрель куни эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эронлик мавқедоши Иброҳим Раисий билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ислом дунёси Исроилнинг Фаластиндаги ҳужумларига қарши бир бўлиши кераклигини айтганди. Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ҳам масжидга бостириб кирган Исроил хавфсизлик кучларини танқид қилган, муқаддас жойларга қилинган ҳужумлар халқаро қонунларга зид эканини таъкидлаб, ушбу ҳаракатни инсониятга қарши жиноят деб баҳолаганди, шунингдек, “Толибон” Ислом давлатларини фаластинликларни биргаликда ҳимоя қилишга чақирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь