Ал-Ақсога қилинган ҳужум дунёни ларзага келтирди
Олам
−
07 Апрель 2023
23717Мусулмонлар муқаддас Рамазон ойини нишонлаётган, яҳудийлар эса Фисиҳ байрамини бошлашга тайёргарлик кўраётган бир пайтда Ал-Ақсо масжидида юз берган ҳунрезлик бутун дунёда зиддиятли вазиятнинг янада кескинлашиб кетишидан хавотир уйғотди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркия, АҚШ, Канада ва бошқа бир қанча давлат ва идоралар Исроил кучларининг Ал-Ақсо масжидига бостириб киргани, шовқинли гранаталар отгани ва фаластинлик намозхонларга ҳужум қилганидан ҳайрат ва хавотир билдирган.
Ғазодаги фаластинлик жангчилар Исроил ҳужумига ракета билан жавоб қайтарган, Исроил самолётлари эса қамал остидаги анклавларга ҳужум қилган. Шунингдек, Ливандан ҳам Исроилга ракета учирилган, Тел-Авив бунга ҳам жавоб қайтарган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш юқоридаги воқеалардан ларзага келганини, Исроил хавфсизлик кучларининг Ал-Ақсо масжидида одамларни калтаклагани тасвирларини кўриб ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолганини айтган. Гутерриш яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган кунларда зўравонликни тўхтатиб, тинчликни сақлашга чақирган.
“Ибодат жойлари фақат тинч диний маросимлар учун ишлатилиши керак”, деган БМТ Бош котиби.
Америка Қўшма Штатлари ҳам мазкур вазиятдан жуда хавотирда эканини билдиб, исроилликлар ва фаластинликларни вазминликка чақирган.
“Биз зўравонлик давом этаётганидан ўта хавотирдамиз ва барча томонларни унинг янада авж олишидан қочишга чақирамиз. Исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам бу кескинликни пасайтириш ва хотиржамликни тиклаш учун биргаликда ҳаракат қилишлари зарур”, деган Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса Исроил полициясининг рейдини қоралаб, масжид биносидаги бундай хатти-ҳаракатларни Туркия учун “қизил чизиқ” деб атаган.
“Ватаним ва халқим номидан мусулмонларнинг биринчи қибласига қилинган нопок ҳаракатларни қоралайман ва ҳужумларни имкон қадар тезроқ тўхтатишга чақираман. Бунинг номи репрессия сиёсати, қон сиёсати, провокация сиёсати. Туркия бу ҳужумлар қаршисида ҳеч қачон жим ва ҳаракатсиз туролмайди. Масжид-и Ақсога қўл қўйиш ва унинг муқаддаслигини оёқ ости қилиш биз учун қизил чизиқдир”, деган Эрдўған.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам Брюсселдаги НАТО йиғилиши чоғида Исроил билан меъёрлаштириш бошлангани, аммо бу ҳужумлар чегарадан ошиб кетганини айтган.
Араб Лигаси эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидан Исроилнинг Ал-Ақсо масжидидаги жиноятларини тўхтатиш учун вазиятга аралашишни сўраган. 5 апрель куни Қоҳирада ўтказилган фавқулодда йиғилишдан сўнг эълон қилинган баёнотда Араб Лигаси Исроил ҳужумларини қоралаган.
“Ушбу жиноятлар Рамазон ойининг ўтган кунларида хавфли даражада авж олиб, юзлаб намозхонларнинг жароҳатланиши ва ҳибсга олинишига, босқинчиликка ҳамда ишғол кучлари ҳимояси остидаги экстремистик Исроил расмийлари ва кўчманчилар томонидан Ал-Ақсо масжидининг муқаддаслигини атайлаб таҳқирлашига олиб келди. Исроилликларнинг ислом ва насронийларнинг муқаддас жойларини бузишлари, айниқса Ал-Ақсо масжидида, тарихий ва ҳуқуқий мақомни ўзгартиришга қаратилган”, дейилади баёнотда.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо ҳам Исроил ҳукуматининг оловли риторикасини танқид қилган ва уни фаластинликларга муносабатини ўзгартиришга чақирган.
“Биз Исроил ҳукуматининг шиддатли риторикасидан жуда хавотирдамиз, биз суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан, Ал-Ақсо масжиди атрофидаги зўравонликлардан хавотирдамиз. Канада Исроилнинг азиз, яқин ва содиқ дўсти сифатида Исроил ҳукумати тутаётган йўналишдан қаттиқ хавотирда эканини билдиради”, деган Трюдо.
Шунингдек, Иордания, Миср, Германия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой ҳам Исроил ҳаракатларини қоралаб, томонларни вазминликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида ҳам Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берганди. Ўшанда ҳам Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия каби давлатлар Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиққан, Фаластин ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Исроилга босим ўтказишга чақирганди.
Маълумот учун, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади. Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради. Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан Ал-Ақсо масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади. Бироқ 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратгоҳга бостириб киришни бошлаган. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.
LiveБарчаси