Фаластин БМТни Исроилга босим ўтказишга чақирмоқда

Олам

image

Фаластин ҳукумати фаластинликларга нисбатан кескинлик ва зўравонлик кучайган бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Исроилга босим ўтказишга чақирди. Бу ҳақда “Анадолу”агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги Исроил кучларининг Фаластин ҳудудидаги қонунбузарликларини, мутаассиб яҳудийларнинг Ал-Ақсо масжидидаги ҳаракатлари ва масжидда Исроил байроғи остида ибодат қилишга чақириқларини қоралаган.

“Исроилнинг Фаластин ерларини вайрон қилиш, зайтун дарахтларини кесиш, фаластинлик чўпонларга ҳужум қилиш ва Силван шаҳрида синагога қуриш каби қонунбузарликлар Исроилнинг кескинликни ошириш ҳамда ишғолни давом эттириш борасидаги қатъийлигини акс эттиради”, дейилади хабарда.

Мамклакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида келтирилишича, Нафтали Беннет бошчилигидаги Исроил ҳукумати Фаластин ерларида кескинликнинг кучайиши оқибатлари учун масъулдир. БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилга ўз ҳаракатларини тўхтатиш учун босим ўтказиши керак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди. Бу ҳолат шундан бери ҳар куни такрорланиб келмоқда.

Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг