Араб давлатлари Исроилнинг Ал-Ақсо масжидига ҳужумини қоралади
Олам
−
16 Апрель 2022
14074Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ ва Ливия Исроил кучларининг Ал-Ақсо масжидига ҳужумини қоралади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига қилинган ҳужумни қоралаган ёзма баёнот берди.
“Исроил кескинликни кучайтирмоқда, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилмаяпти, бунинг учун у жаҳон ҳамжамияти олдида жавобгардир”, дейилади подшоҳлик ТИВ баёнотида.
Яман Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Қуддусдаги ҳаракатларини қаттиқ танқид қилди: “Масжид-и Ақсода намоз ўқиётган одамларга қилинган ҳужумни қоралаймиз. Исроил дунё мусулмонларининг ҳис-туйғулари билан хавфли ўйин ўйнамоқда”.
БАА Ташқи ишлар вазирлиги ҳам худди шундай баёнот билан чиқди: “Биз мусулмонлар зиёратгоҳидаги зўравонликларни қоралаймиз ва зудлик билан уни тўхтатишга чақирамиз”.
Ироқ Исроилнинг Ал-Ақсо масжидида тинч аҳолининг ўлими ва жароҳатланишига олиб келган ҳаракатларини қоралади.
“Исроилнинг бу ҳаракатлари қайтарилмас оқибатларга олиб келиши мумкин”, деган Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги.
Ливия Олий Давлат Кенгаши ҳам Ал-Ақсо масжидига қилинган такрорий ҳужумларни қоралади.
Кенгашнинг ёзма баёнотида, Ал-Ақсо масжидига кеча қилинган босқин Исроилнинг Фаластиндаги мусулмонларга тегишли барча нарсаларни йўқ қилиш ниятида эканлигини исботлагани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Исроил полицияси Ал-Ақсо масжидида рейд ўтказди, натижада 152 киши яраланди, 400 нафар фаластинлик ҳибсга олинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь