Исроил-Фаластин можаросида 22 журналист ҳалок бўлди
Олам
−
21 Октябрь 2023
4339Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги кескинлашиб бораётган можаро 22 журналистнинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) маълум қилди.
Қайд этилишича, саккиз нафар оммавий ахборот воситалари ходими жароҳатланган, уч нафари бедарак йўқолган ёки ҳибсда.
Қўмитанинг аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар 18 нафар фаластинлик, уч нафар исроиллик ва бир нафар ливанлик журналистлардир.
Унда таъкидланишича, Ғазо секторидаги журналистлар Исроилнинг қуруқликдаги ва ҳаво ҳужумлари, алоқа узилишлари ва кенг тарқалган электр таъминотидаги узилишлар олдида айниқса юқори хавфларга дуч келишади.
Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Ғазо секторига 7 октябрдан бери давом этаётган зарбалари оқибатида камида 4137 киши ҳалок бўлди, улардан 1524 нафари болалар ва 1000 нафари аёллардир.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси