Исроил 183 нафар фаластинликни озод қилди (видео)
Олам
−
08 Февраль
2467Исроил ҲАМАС билан гаровга олинганларни алмашиш бўйича келишувнинг бешинчи босқичи доирасида 183 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Бу ҳақда Ynet хабар берди.
Қайд этилишича, маҳбуслардан 18 нафари умрбод қамоқ жазосини ўтаётган бўлган. Уларнинг 111 нафари Ғазо секторига, қолганлари эса Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига юборилади.
Келишув доирасида озод қилинган машҳур маҳбуслар орасида Шади Барғути ҳам бор бўлиб, у террорчилик ҳужумларида иштирок этганликда айбланиб, 27 йилга қамалган, шунингдек, Ҳотим ал-Жаюсий олти исроилликни ўлдирганликда айбланиб, судланган. Бундан ташқари, ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзоси Жамол Таввил ва Ияда Абу-Шаҳидам ҳам озод қилинган.
Бунгача ҲАМАС Қизил Хочга уч нафар гаровга олинган исроилликни топширган эди. Озод қилинганлар – 56 ёшли Охад Бен Ами, 52 ёшли Эли Шараби ва 34 ёшли Ор Леви. Қизил Хоч озод этилган гаровга олинганларни Ғазодаги Исроил Хавфсизлик хизмати вакилларига топширади, шундан сўнг улар ватанига олиб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 16 январь куни Исроил, ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Келишув 19 январь куни кечқурун кучга кирди ва ҲАМАС уч нафар шахсдан иборат биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. 25 январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди. 1 февраль куни ҲАМАС гаровдаги 3 нафар исроилликни, Исроил эса 83 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди.
LiveБарчаси