Исроил 200 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди
Олам
−
25 Январь
2564Исроил Ғазо секторидан гаровга олинган тўрт нафар ҳарбий аёлни озод қилиш эвазига 200 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилди. Бу ҳақда “Galey Tzahal” радиостанцияси хабар берди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди.
"The Times of Israel" газетасининг Миср давлат телевидениесига таяниб хабар беришича, Исроил жанубидаги Кциот қамоқхонасидан озод қилинган ва депортация қилиниши лозим бўлган 70 нафар фаластинлик маҳбус Рафаҳ чегара пунктидан ўтиб, Миср томонига етиб борган.
Ижтимоий тармоқларда қамоқхонадан озод этилган фаластинликларни Рамаллоҳга олиб кетаётган автобусларнинг видеолари тарқалмоқда. Қайд этилишича, озод қилинганлар орасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 120 киши ҳам бор.
Маълумот учун, Исроил, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, АҚШ ва Қатар вакиллари 16 январь куни кечқурун Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Ўша куни кечқурун ҲАМАС биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Улар уч нафар шахсдан иборат бўлган. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнг қанот коалициясидаги ҳамкорларига ҲАМАС билан сулҳнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазо секторида ҳарбий операцияни қайта бошлашга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 25 январь куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёлни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширганди. Уларни Исроил армияси (IDF) аскарлари қабул қилиб олган. Умумий ҳисобда улар асирликда 477 кун ўтказган.