ҲАМАС тўрт нафар исроилликни озод қилди (видео)
Олам
−
25 Январь
4215Бугун, 25 январь куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёлни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Қайд этилишича, уларни Исроил армияси (IDF) аскарлари қабул қилиб олган. Умумий ҳисобда улар асирликда 477 кун ўтказган.
Исроил Бош вазири девонига кўра, ҲАМАС 19 ёшли Лири Албаг, Карина Араев, Даниэла Гилбоа ва Наама Левини (учаласи ҳам 20 ёшда) озод қилган. Қизлар Исроил разведка аскарлари бўлган.
Нашрга кўра, қизлар ҳарбий кийимда чиқиб келган. Уларнинг ёнларида ҲАМАСнинг “эсдалик совғалари” ҳам бўлган.
“Исроил ҳарбий хизматчиларига топширилгандан сўнг, гаровга олинганлар Ғазо секторига туташ ҳудуддаги дастлабки қабул қилиш пунктига етказилади ва у ерда ота-оналари билан учрашади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, у ерда қизлар дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилади, сўнгра Исроилга олиб кетилади. AFP хабарига кўра, Исроил ўз навбатида бугун 200 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилади. Улар орасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 120 киши ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Исроил, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, АҚШ ва Қатар вакиллари 16 январь куни кечқурун Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Ўша куни кечқурун ҲАМАС биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Улар уч нафар шахсдан иборат бўлган. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнг қанот коалициясидаги ҳамкорларига ҲАМАС билан сулҳнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазо секторида ҳарбий операцияни қайта бошлашга ваъда берган.