Испанияда аҳоли қиролни лой билан “сийлади” (видео)
Олам
−
04 Ноябрь
9910Кеча, 3 ноябрь куни Испания қироли Филипп VI ва унинг рафиқаси Летисия мамлакатнинг тошқиндан зарар кўрган Валенсия автоном минтақасига борди ва аҳолининг норозилигига дуч келди. Бу ҳақда “El Pas” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, қирол Филипп VI ва унинг рафиқаси Летисия Валенсия ҳудудига ташриф давомида аҳоли уларни лой билан қарши олган. Бундан ташқари, оломон қирол ва амалдорларни ҳақоратлаб, бақирган. Хусусан, улар нега масъуллар тошқиндан зарар кўрган шаҳардан илгарироқ хабар олмаганини сўраб, уларни қотиллар деб атаган. Шунга қарамай, қирол ва қиролича Пайпорта шаҳридан кетишларидан олдин бир соатдан кўпроқ вақт давомида шаҳарликлар билан суҳбатлашган.
Филипп VI қўшма оператив-координацион марказ йиғилишида бу воқеа юзасидан фикр билдирган. Унга кўра, сув тошқинлари оқибатида азият чеккан фуқароларга давлат кўмагини ҳис қилиш имконини яратиш учун ҳозир айни вақти.
“Одамлар бошидан ўтказган оғир шароитларни ҳисобга олиб, уларнинг ғазаб ва умидсизликларини тушуниш керак”, деди қирол.
Мазкур ҳодиса муносабати билан қирол ва қиролича Валенсияда сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга ташрифини муддатидан олдин якунлаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 29 октябрь куни Испаниянинг шарқи ва жанубига ёмғир ёғиб, кучли сув тошқинига сабаб бўлди. Бир неча соат ичида Валенсияга ҳар квадрат метрига 300 литрдан ортиқ ёмғир ёққан. Сўнгги маълумотларга кўра, сув тошқини оқибатида вафот этганлар сони 214 кишига етган. 31 октябрдан 2 ноябргача мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинган ва ҳукумат ушбу ҳодисани мисли кўрилмаган фожиа деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Валенсияда кузатилган сув тошқинларида футболчи Хосе Кастильехо қурбон бўлгани хабар қилинган эди. Маълум бўлишича, 28 ёшли футболчи маҳаллий клуб тарбияланувчиси ҳисобланади. У асосий жамоанинг бир нечта ўйинларида ҳам майдонга тушган.