ИШИД аъзоси бўлган яна бир ўзбекистонлик қидирувга берилди
3-саҳифа
−
13 Апрель
13373Тақиқланган диний маърузаларни эшитиб, жиҳод қилиш учун Сурияга чиқиб кетган яна бир Ўзбекистон фуқароси Шариф Убайдуллаевга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 13 апрель куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Шариф Саидаркамович Убайдуллаев 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси ҳисобланади.
Олинган тезкор маълумотларга кўра, Убайдуллаев экстремистик оқим аъзолари Абдуллоҳ Зуфар ва Содиқ Самарқандийларнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний маърузаларини интернет орқали эшитиб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.
У 2021 йил 30 август куни Сурия давлатида фаолият олиб бораётган Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД) ташкилотига қўшилиш мақсадида Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркияга учиб, у ердан Сурияга ўтган ва ҳозирда Идлиб шаҳрида эканлиги аниқланган.
Шариф Саидаркамович Убайдуллаевга нисбатан 2022 йил 15 июнь куни Ички ишлар органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244 прим 2-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ИИБ томонидан бу каби қидирувлар анча фаоллашиб, аввалроқ ҳам бир қанча шахслар, хусусан Абдуваҳоб Абдураҳимов, Жалолиддин Мансуров, Миролим Ўлмасов, Дилшод Қодиров, Азиз Тошкентбоев қидирувга берилган эди.