Инсонлар ўлади, улар соққа қилади: тамаки ишлаб чиқарувчилари йилига қанча топади?
Таҳлил
−
31 Май
6578Дунё бўйлаб ҳар йили 9 миллионга яқин одам тамаки истеъмоли оқибатида ҳаётдан кўз юмади. 1,2 миллион киши эса ўзи чекмаса-да, атрофдаги чекувчилар тарқатаётган тутун касрига қолади. Тамаки воситалари ер юзида энг кенг тарқалган муаммолардан бири бўлиб, тобора ўз кўламини ошириб, ўлжаларини эса ёшартириб бормоқда. У шунчалик кенг саноатга айланганки, бу бизнесдан манфаатдор кучлар турли хийла-найранглардан устомонлик билан шуғулланмоқда.
Одамлар воз кечиш ёки ўлишгача пул тикади: тамаки саноати йилига қанча даромад қилади?
Халқаро маркетинг таҳлилчилари маълумотларига кўра, ўртача умр кўрган бир чекувчи шахс умри мобайнида дунёнинг энг йирик тамаки компанияларига 9 мингдан 15 минг АҚШ долларигача даромад келтиради. Шунингдек, тамаки саноати кўпроқ Африка, Осиё ва Яқин Шарқдаги заиф аҳолига диққат қаратаётгани қайд этилмоқда.
Чунки бу мамлакатларда ёшлар сони катта ва бу узоқ муддатли содиқ мижозларни кафолатлайди. Ривожланган мамлакатларда одамлар онгли равишда соғлиқ учун зарарли ҳаракатлардан чекланмоқда. Қолаверса, кўпгина давлатларда тамаки хариди ва чекиш билан жуда қатъий чекловлар ўрнатилган.
Саноат таҳлилчиси IBIS World ҳисоботига кўра, 2025 йилга келиб, дунё бўйлаб тамаки саноати даромад (сотувдан тушган пул)и 599,2 миллиард долларига етди. Кўпгина мамлакатларда олиб борилган тамакига қарши сиёсат натижасида ишлаб чиқариш ҳажми нисбатан камайган бўлса-да, компаниялар нархни кўтариш эвазига даромадни барқарорлаштиришга эришмоқда.
Прогнозларга кўра, жорий йилда тамаки саноатида 0,9 фоиз ўсиш кузатилади. Аммо қарши ҳаракатлар ва огоҳлик ҳисобига келгуси 5 йилда тамаки бозорининг сезиларли қисқариши кутилмоқда. Масалан, сўнгги 20 йилда дунёда чекувчилар сони 300 миллион нафарга камайган.
Сўнгги беш йил давомида ишлаб чиқарувчилар бир қанча муаммоларга дуч келди. Жамоатчиликда чекишнинг соғлиққа салбий таъсири ҳақида хабардорликнинг ошиши, қонунларни қатъийлаштириш чоралари ва солиқлар кўпайиши, шулар жумласидан. Ишлаб чиқарувчилар асосан улгуржи савдони, дўкон ва расталар эса чакана савдони амалга оширади, аммо баъзида ишлаб чиқарувчилар воситачиларни четлаб ўтиш орқали даромадни оширишга ҳаракат қилмоқда.
Ишлаб чиқарувчилар харажатларни қисқартириш мақсадида одатда энг муҳим хомашё, яъни тамаки етиштирувчиларга яқин жойлашади. Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Индонезия дунёдаги энг йирик тамаки етиштирувчи давлатлардир.
Ширин таъм, чиройли шакл ва қути: тамакининг маркетинг ҳийлалари
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунёда 1 миллиарддан ортиқ чекувчи мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти паст ва ўрта даромадли давлатларда яшайди.
Ҳозирда соғлиқни сақлаш ва ҳукумат тизимлари сиёсат даражасида тамакига қарши кураш олиб бораётгани каби ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам фаол тарғибот ва реклама ишларини олиб боряпти. Йирик брендлар маркетинг учун жуда катта маблағ сарфлаб, ўз мижозларини тобора ёшартиришга ҳаракат қилмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2022 йилда дунё бўйлаб камида 13-15 ёшдаги ўсмирларнинг 37 миллиони тамаки маҳсулотларини у ёки бу шаклда истеъмол қилади.
31 май – “Халқаро тамакисиз кун” муносабати билан ЖССТ бутун дунё ҳукуматларини сигарет, тамаки капсулалари, калян ва электрон сигаретлар каби барча тамаки ва никотин маҳсулотларига ширин таъмли қўшимчалар қўшилишини тақиқлашга чақирди.
Ментол, сақич ёки ширин таъм тамаки ва никотин маҳсулотларининг аччиқ таъмини яширади, бу эса ёшлар учун айни муддаога айланади. Бундай ширин таъмлар нафақат чекувчилар сонини оширади, балки оғир ўпка касалликлари хавфини оширади.
“Ширин таъмли тамаки воситалари саъй-ҳаракатлар натижасидаги ўн йиллик ютуқларни барбод қилиб, гиёҳвандликнинг янги тўлқинини келтириб чиқармоқда”, дейди ЖССТ Бош директори доктор Тедрос Аданом Гебреисус.
Янги мижозлар топиш ва тарғиботга берилиб кетган тамаки ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи компаниялар бу йўлда турли найранглардан фойдаланмоқда, ширин таъм, эътиборни тортувчи дизайн ва қизиқарли шакллар, кўзни қамаштирувчи қадоқлар қолаверса, турли содиқлик мукофотлари таклиф қилмоқда.
Ҳид ва таъм берувчи қўшимчалардан фойдаланиш. Бундай қўшимчалар тамакининг ўткир таъми ва ҳидини яшириб, уни ёқимли қилиб кўрсатиш учун ишлатилади.
Мақсадли маркетинг. Маҳсулотнинг нафис дизайни, эътиборни тортадиган ўрови ва рақамли медиа орқали ўтказиладиган тадбирлар зарарли маҳсулотларга ижобий муносабат уйғотиш мақсадида қўлланилади.
Алдамчи дизайн. Баъзи маҳсулотлар ширинликлар ёки ўйинчоқларга ўхшатиб ишлаб чиқилади, бу эса уларга болалар ва ўсмирларнинг қизиқишини оширади.
Бундай усуллар ёшларни нафақат тамаки ва никотинни чекишга ундайди, балки чекишни ташлашни ҳам қийинлаштиради ва шу тариқа қарамлик юзага келиши ҳамда саломатлик учун узоқ муддатли салбий оқибатлар ривожланиш эҳтимолини кескин оширади.
Қўшнилари ортидан Ўзбекистон ҳам электрон сигареталарни тақиқламоқда
Жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилгани билан, балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятли экани қайд этилди.
Сенаторлар томонидан қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу ўринда Ўзбекистонга қўшнилари Қозоғистон ва Қирғизистонда бу борада қилинган ишларни эслаб ўтиш жоиз. Ўтган йили апрель ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қонунчиликка электрон сигареталар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлашни ўз ичига олган ўзгартиришларни маъқуллаганди. Қозоғистонда электрон сигареталарни олиб кириш, уларни сотиш ва турли тамаки маҳсулотларни реклама қилишни тақиқловчи қонун июнь ойида кучга кирди.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса ўтган йил ноябрь ойида тамаки маҳсулотлари ва никотин моддаларининг зарарли таъсиридан аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади. Қонун 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.
Тошкент дўконлари тамаки сотишда қонунчиликка риоя қилмайдими?
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида ўрганилган савдо объектларининг 81 фоизида тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф равишда намойишкорона сотилмоқда. Пойтахтнинг тамаки ёки алкоголга ихтисослаштирилган, киоска ва озиқ-овқат каби дўконларининг 120 тасида сотилаётган тамаки воситаларининг 93 фоизини сигареталар, 84 фоизини тамакини қиздириш аксессуарлари, 62 фоизини эса электрон сигареталар ташкил қилади.
Шунингдек, мутачассис Шуҳрат Шукуровнинг айтишича, бундай маҳсулотлар расталарда эътиборни тортувчи ёриткич ва баннерлар билан безатилган ҳолатда жойлаштирилгани аниқланган. Объектларнинг бир қанчасида тамаки ва уни қиздириш воситалари алоҳида жавонларга махсус жойлаштирилган бўлиб, харидорга шундай йўл билан намойиш қилинаётгани юзага чиққан. Ҳаттоки, 17 фоиз ҳолатда тамаки воситаларига чегирмалар ваъда қилингани, 5 фоиз ҳолатда эса электрон сигареталар зарари камроқ экани ҳақидаги рекламалар учратилган.
Хўш, унда қандай сотиш керак, дейсизми? Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари дунёнинг деярли барча мамлакатларида махсус назорат остида сотилиши қонун билан белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас ва “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида шундай дейилади:
“Тамаки маҳсулотларининг, шунингдек тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг:
йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан;
доналаб ёки очилган истеъмол ўрови – (қутиси)да сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан реализация қилиниши тақиқланади”.
Аммо ўрганишлар давомида 4 фоиз ҳолатда доналаб сотиш, 1 фоиз ҳолатда акциз маркасиз сотиш, 9 фоизи ҳолатда эса тамаки маҳсулотларининг 21 ёшга кирмаган шахслар томонидан сотилиши ҳолатлари кузатилган. Ўрганишларга кўра, 58 фоиз ҳолатда “21+” белгиси, 16 фоиз ҳолатда эса огоҳлантирувчи пешлавҳалар илинган.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасида тамаки воситаларининг реклама қилинмаслиги, сотувда бепул тарқатиш ва чегирма қўллаш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, тамаки воситалари белгиси ёки номи туширилган кийимлар, болалар ўйинчоқлари ва ширинликлар қолаверса, болаларга мўлжалланган буюмлар шаклидаги тамаки маҳсулотларни сотиш ва тарқатиш тақиқланган.
Бундан ташқари, савдо объектларининг олд томони – кириш-чиқиш жойларида, расталари каби харидор кўзи тушадиган жойларда тамаки тасвирлари ҳамда уларга тегишли ахборотлар жойлаштириш мумкин эмас.
Аслини олганда, ичиш ва чекишнинг инсон ўзи ва атрофидагиларига руҳий, тиббий ва моддий зарар келтириши ҳақида бот-бот таъкидланган ва муккасидан кетганларга миллионлаган статистик рақамлар таъсир қилмаслиги ҳам турган гап. Ўзингиз ўйлаб кўринг, қадоғида касалланган организм ёки чекувчидан туғилган ногирон бола тасвири акс этган маҳсулотларни кунда сотиб оладиган шахсларга нима ҳам дейиш мумкин?!
Бу шунчаки шахсий ирода ва маънавий бутунликка боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шундай бўлса-да, дунё тамакига қарши курашишдан тўхтамайди.