Қозоғистонда бугундан электрон сигареталар бутунлай тақиқланди
Олам
−
20 Июнь
2756Қўшни Қозоғистонда электрон сигареталарни олиб кириш, уларни сотиш ва турли тамаки маҳсулотларни реклама қилишни тақиқловчи қонун бугундан кучга кирди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Қозоғистон қонунчилигида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўзгартиришлар киритадиган, жумладан, мамлакат ҳудудига электрон сигареталар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлашни назарда тутувчи ва жорий йилнинг апрель ойи охирида давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан тасдиқланган қонун бугун, 20 июнь кунидан бошлаб кучга кирди.
Ҳужжат электрон сигареталарни олиб кириш ва тарқатишни, шунингдек, кальян тамакиси, кальян аралашмалари, атирлар ва суюқликларни тамакини иситиш тизимлари, электрон истеъмол қилиш тизимларини реклама қилишни тақиқлайди. Эндиликда Қозоғистонга уларни олиб кириш ва сотиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Электрон сигареталарга алоқадор товар белгиси ва ном элементларидан фойдаланган ҳолда ушбу маҳсулотларни реклама қилиш ҳам тақиқланди.
Бундан ташқари, қонунчиликдаги янгиликлар тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини мажбурий суғурталашни назарда тутади. Бунинг учун ҳар бир тиббий ташкилот суғурта компанияси билан шартнома тузади. Бемор тиббий хатоси натижасида унинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган тақдирда мурожаат қилганда, шикоят мустақил эксперт комиссияси томонидан кўриб чиқилиши таклиф этилади. Унинг хулосаси беморга суғурта тўловини амалга ошириш учун асос бўлади.
Ушбу жараённи такомиллаштириш учун томонларга низоларни судгача ҳал қилиш имконини берувчи алоҳида механизм ҳам жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мазкур қонун лойиҳасини жорий йилнинг 20 апрелида маъқуллаганди.
Шунингдек, ушбу мазмундаги қонун лойиҳаси таклифи Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, жумладан, шу йилнинг февраль ва апрель ойларида Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг расмий идоралари томонидан ҳам илгари сурилган эди.