Қирғизистонда электрон сигареталар чекиш тақиқланмоқда

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров тамаки маҳсулотлари ва никотин моддаларининг зарарли таъсиридан аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади. Ушбу қонун 2024 йил 23 октябрда Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган бўлиб, мамлакат ҳудудига электрон сигаретларни олиб киришни, сотиш ва фойдаланишни тақиқлайди. Бу ҳақда “Economist.kg” хабар берди.

Қайд этилишича, қонуннинг асосий мақсади никотин ва тамаки аэрозолларининг аҳолига салбий таъсирини камайтириш. Эътибор, хусусан, электрон сигаретларнинг ноқонуний айланишига қарши курашга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, электрон сигаретлардан фойдаланганлик учун жазо чоралари белгиланган. Бунда жисмоний шахсларга 10 минг сом (1 млн  484 минг сўм), юридик шахсларга эса 60 минг сом (8 млн 905 минг сўм) миқдорида жарима солинади.

Электрон сигаретларни сотиш эса ундан ҳам қимматга тушади. Хусусан, бунинг учун жисмоний шахсларга 20 минг сом (қарийб 3 млн сўм), юридик шахсларга эса 65 минг сом (9 млн 647 минг сўм) жарима белгиланган.

Электрон сигаретларни ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ қонунбузарликлар Жиноят кодекси доирасида кўриб чиқилади. Агар олиб кирилган маҳсулот миқдори сезиларли даражада катта бўлса, айбдорлар икки ойдан бир йилгача мажбурий меҳнат 100-120 минг сом (14-17 млн сўм) жаримага тортилади. Бундан ташқари, бир йилгача муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Агар маҳсулот ҳажми жуда катта бўлса, жарима миқдори 150-200 минг сом (22-29 млн сўм) этиб белгиланиши ва бир-икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Қонун 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги 6 ой муддатга учинчи давлатлардан сигареталар олиб киришни тақиқловчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон электрон сигарета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг