Имомўғлининг ҳибсга олиниши бўйича провокацион пост ёзган 37 киши ушланди

Олам

image

Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан ижтимоий тармоқларда провокацион пост қолдирган 261 киши аниқланди, уларнинг 37 нафари ушланди. Бу ҳақда бугун, 20 март куни Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Истанбул Бош прокуратураси томонидан бошланган терговлар доирасида, баъзи ижтимоий медиа ҳисоблари орқали Истанбул шаҳар ҳокими ҳам бўлган жами 106 гумондорга нисбатан ҳибсга олиш қарори чиқарилгач, “Жамоатчиликни нафрат ва адоватга чорлаш” ва “Жиноят содир этишга ундаш” жинояти доирасида провокацион постлар қўйилгани аниқланди”, деди Ерлиқоя.

Унинг айтишича, бу постларни жами 261 нафар шубҳали аккаунт менежерлари, улардан 62 нафари хорижда бўлган, қўйгани аниқланган.

“Кибержиноятчиликка қарши кураш департаментимиз ва Хавфсизлик департаментининг мувофиқлаштирилган ишларидан сўнг 37 нафар гумонланувчи қўлга олинди, қолган гумонланувчиларни қўлга олиш ҳаракатлари давом этмоқда”, дейди у.

Маълум қилинишича, ҳибсга олиш тартиб-таомилларидан сўнг 20 март соат 06:00 га қадар Х ижтимоий медиа платформасида ушбу масала юзасидан жами 18 647 269 та пост қолдирилгани аниқланган. Уларнинг  66 фоизи номли ҳисоблар ва 34 фоизи бот ҳисобларидан ёзилган. 

“Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти қонунда берилган ваколатлар доирасида жиноятчилик ва жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида 24/7 режимида интернетда виртуал патрул фаолиятини амалга оширади”, дейди Ички ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 март куни  Имомўғлининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан сўнг бир нечта ижтимоий тармоқ платформаларига кириш чеклангани хабар қилинганди.

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши қарши эканини маълум қилган.

Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг