Имомали Раҳмон терроризмга қарши курашда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга ваъда берди

Олам 7534
image

Тожикистон халқи нафақат географик нуқтайи назардан, балки умумий қадриятлар жиҳатидан ҳам доимо Афғонистон халқи томонида бўлади. Бу ҳақда кеча, 30 июнь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Афғонистон Вулуси Жирға (Халқ уйи) раиси Мир Раҳмон Раҳмоний билан учрашувда айтиб ўтди.

Суҳбат чоғида Тожикистон раҳбари халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган Афғонистондаги нотинчликлар, сиёсий ва ҳарбий вазиятнинг кескинлашиши юзасидан икки мамлакат ўртасида амалий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик зарур эканини қайд этган.

Шунингдек, учрашувда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи террорчилар ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши самарали чоралар кўриш зарурлиги таъкидланган.

Фото: Мир Раҳмон Раҳмоний ва Имомали Раҳмон

Музокаралар вақтида мамлакатлар ўртасидаги сиёсат, мудофаа, иқтисодиёт, савдо, фан, таълим, оммавий ахборот воситалари ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик жараёнлари, хусусан парламент алоқалари ҳам муҳокама қилинган.

“Биз тинчлик ва барқарорликни ҳамда республика иқтисодиётини тиклаш йўлида тилимиз ва маданиятимиз муштарак бўлган мамлакат ҳукумати ва халқининг ташаббусларини ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Раҳмон.

Томонлар, шунингдек, энергетика, янги транспорт йўлакларини ташкил этиш ва қўшма дастурларни амалга ошириш каби ҳар икки мамлакат учун устувор ва ўзаро манфаатли соҳаларда алоқаларни кенгайтириш бўйича фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22-27–июнь кунлари “Толибон” ҳаракатининг ҳужумига учраган 150 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари чегарадош Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Расмий Душанбе ўшанда Тожикистон чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларини инобатга олган ҳолда, давлат чегарасини бузган афғон ҳарбийларига мамлакат ҳудудига эркин киришга рухсат берганини маълум қилган.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.

Чегардош давлатларнинг реакцияси

Воқеаларнинг бундай ривож олиши Афғонистонга чегарадош бўлган давлатларни сергак тортишга мажбур қиляпти. Жумладан Афғонистон билан деярли 1000 километр чегара ҳудудига эга бўлган Эрон ҳам мамлакат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. ОАВнинг ёзишича, расмий Теҳрон, аллақчон, чегара ҳудудларига Т-72С, БМП-2 танклари ва бошқа зирҳли ҳарбий техника юборган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошлаган. Бундан ташқари, республика 22 июнь куни Афғонистон билан чегарани вақтинча ёпган.

 АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак. Қайд этиш керакки, шу вақтга қадар Италия ва Германия ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга улгурди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 2.9
t
×