Расмий Душанбе афғон ҳарбийлари Тожикистонга қочиб ўтганини маълум қилди
Олам
−
22 Июнь 2021
36318Аввалроқ “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарада жойлашган Шерхон шаҳрини, шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги Шерхон-Бандар божхона ва савдо ўтиш пунктини ҳам эгаллагаб олгани ҳақида хабар берган эдик.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) толибларнинг Шерхон-Бандар назорат-ўтказиш пунктига қилган ҳужумига изоҳ берди. Тожикистон МХДҚ тожик-афғон чегарасидаги вазиятни кескин, деб баҳоланмоқда.
Маълум қилинишича, толибларнинг ҳужуми оқибатида Афғонистон Ислом Республикаси (АИР) ҳарбийлари яраланган ва ўлдирилган, омон қолган 130 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар эса Тожикистонга қочиб ўтган.
Тожикистон чегара қўшинларининг хабар беришича, 21 июнь куни “Толибон” ҳаракатининг қуролли гуруҳи Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Шерхон-Бандар чегара пунктига ҳужум қилган.
“22 июнь куни соат 9:00 га қадар давом этган қуролли тўқнашув натижасида ҳужумга дош беролмай, АИР ҳукумати қўшинларининг 134 нафар ҳарбий хизматчилари Панж чегара отрядининг 3 ва 4 сонли постлари орқали Тожикистон Республикасига чекинишга мажбур бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Тожикистон чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларини инобатга олган ҳолда, давлат чегарасини бузган афғон ҳарбийларига Тожикистон ҳудудига эркин киришга рухсат берган.
Фаоллашиб қолган “Толибон”
Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди.
Маълумот ўрнида, Шерхон-Бандар божхона пости — Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги муҳим савдо ва қайта юклаш пункти, у орқали Тожикистоннинг Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан, шу жумладан Покистон ҳамда Эрондан келадиган юклари ўтади.
Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, Афғонистоннинг 50 фоизини (34 та провинциянинг 17 таси) “Толибон” ҳаракати назорат қилмоқда.
Сўнгги бир ой ичида у “Толибон” кучлари билан тўғридан-тўғри Фарёб, Жузжон ва Сари-Пул ҳудудларида кураш олиб борганди.
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси