“Толибон” сўнгги уч кун ичида Афғонистоннинг 4 та туманини эгаллади
Олам
−
08 Июнь 2021
12080Бугун, 8 июнь куни “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод туманини эгаллаб олди. Фарёб провинцияси минтақавий кенгаши депутати Абдул Маннон Катининг сўзларига кўра, жангарилар икки кун давомида Давлат Обод туманига ҳужум уюштирган.
Таъкидланишича, 8 июнь куни эрталаб туман толиблар назорати остига ўтган. Туман маъмурияти биносини қўриқлаган 30 нафар мамлакат хавфсизлик ходимининг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Фарёб провинцияси минтақавий кенгашининг бошқа бир депутати Абдул Аҳад Илбек эса икки хавфсизлик ходимининг ўлими ҳақида хабар берган. Толибларнинг ўзи ҳодиса ҳақида ҳали ҳеч қандай баёнот бермаган. Одатда ҳаракат бирор бир ҳолатга алоқаси бўлса, буни тан олишдан тортинмайди.
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” фаоллашиб қолган. Ушбу ҳаракат икки кун олдин Фарёб провинциясининг Қайсар туманини ҳамда Гҳор провинциясининг Шаҳрек ва Урузган провинциясининг Гизоб туманларини ҳам қўлга киритганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси
26 Ноябрь