Имомали Раҳмон Қатарга борди
Олам
−
15 Сентябрь 5665 2 дақиқа
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бугун, 15 сентябрь куни амалий ташриф билан Доҳага ташриф буюрди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Раҳмон у ерда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва араб мамлакатлари давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади. Доҳа халқаро аэропортида уни Қатар Бош вазири ўринбосари, Мудофаа вазири Шайх Сауд бин Абдулраҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Тожикистон ТИВ хабарига кўра, бир кун аввал, 14 сентябрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 9 сентябрдаги Исроил ҳаво ҳужумидан сўнг Қатар ташаббуси билан ташкил этилган Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди. Иштирокчилар Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди ва бўлажак саммит кун тартибини тасдиқлади.
Маълумот учун, Исроилнинг Доҳага қилган ҳужумидан сўнг, 11 сентябрь куни Қатар Араб ва Ислом мамлакатларининг фавқулодда саммитини чақирди. Қатар Бош вазирининг маслаҳатчиси Мажид бин Муҳаммад Ал Ансорий Исроил ҳаракатларини қоралаш кун тартибидаги асосий масала бўлишини тасдиқлади. Саммитни шундай қисқа вақт ичида ташкил этиш сўнгги фожиали воқеалар фонида Қатар ҳамда Араб ва Ислом бирдамлигини намойиш этиш экани айтилмоқда. Доҳада бўлиб ўтадиган саммит Исроилнинг Қатар ҳудудига сўнгги ҳаво ҳужумларини қатъий қоралаган резолюцияни қабул қилишга қаратилган. Шунингдек, мамлакатлар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини тўхтатиш, Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни киритиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча, 14 сентябрь куни Доҳада Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма фавқулодда саммитига тайёргарлик бўйича Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этганди.
Live
Барчаси