Имомали Раҳмон ҳам Японияга кетди

Олам

image

Бугун, 18 декабрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Япония пойтахти Токио шаҳрига расмий ташриф ва “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти саммитида иштирок этиш учун жўнаб кетди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Душанбе халқаро аэропортида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонни Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий Мажлисининг раиси, Олий Мажлиси Намояндалар Мажлисининг раиси, Тожикистон Республикаси Бош вазири, Президент Ижроия аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари ҳамда бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Ташриф давомида Тожикистон Президентига Ташқи ишлар вазири, Президентнинг хорижий алоқалар бўйича ёрдамчиси, иқтисодий ривожланиш ва савдо, транспорт, саноат ва янги технологиялар, таълим ва фан вазирлари, Давлат инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси ҳамда бошқа расмий шахслар ҳамроҳлик қилмоқда.

“Марказий Осиё + Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммити дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.

Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 17 декабрь куни расмий ташриф билан Японияга етиб борганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса бугун, 18 декабрь куни Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Япония Имомали Раҳмон Марказий Осиё Марказий Осиё – Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг