Имомали Раҳмон ҳам Тожикистонда ҳарбий парад ўтказди

Олам

image

Бугун, 8 май куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Душанбе шаҳридаги Ғалаба боғида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбир ўтказиладиган жойда давлат раҳбари Имомали Раҳмонни ўғли, Душанбе шаҳри ҳокими Рустам Имомали ва Тожикистон Мудофаа вазири Имомали Собирзода кутиб олган.

Тантанали маросимда Тожикистон Миллий Мажлиси Раиси ва Вакиллар палатаси раиси, Тожикистон Республикаси ҳукумати аъзолари, ҳокимият тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, Россиянинг 201-ҳарбий базаси ҳамда Тожикистондаги ҳарбийлар ва меҳнаткашлар иштирок этган.

Ушбу парадда сўзга чиққан давлат раҳбари Иккинчи жаҳон уруши йилларида тожик офицер ва аскарларининг жасорати, матонати ва фидойилигини алоҳида қайд этган.

Маълумот учун, уруш йилларида Тожикистоннинг бир ярим миллион аҳолисидан 300 мингдан ортиғи жанг майдонига сафарбар этилган бўлиб, бу мамлакат меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 50 фоизини ташкил қилади. Улардан 100 мингдан ортиғи жангларда ҳалок бўлган, 40 мингдан ортиғи бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган, яна 60 минг нафари урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Иккинчи жаҳон урушидаги жасорат ва қаҳрамонликлари учун 58 минг нафар тожикистонлик офицер ва аскарлар орден ва медаллар билан тақдирланган, улардан 55 нафари жасорати учун “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” юксак унвони билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 май куни Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги, шунингдек, 7 май – “Ватан ҳимоячилари” куни шарафига Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ҳарбий парад бўлиб ўтганди. Қолаверса, бугун, 8 май куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтганди ва унда мамлакат Президенти Садир Жапаров иштирок этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Иккинчи жаҳон уруши Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг