Илтимос қилиб сўрайман, урушни тўхтатинг – Меладзе мурожаат билан чиқди
Олам
−
24 Февраль 2022
22213Россия ва Украинадан урушни тўхтатиб, музокаралар столига ўтиришингизни илтимос қиламан. Ушбу сўзларни россиялик хонанда Валерий Меладзе Instagram саҳифасидаги видеомурожаатида айтиб ўтган.
Меладзега кўра, бугун содир бўлиши керак бўлмаган ва ҳеч қачон юз бериши мумкин бўлмаган воқеалар рўй бермоқда.
“Бугун содир бўлиши керак бўлмаган ва ҳеч қачон юз бериши мумкин бўлмаган воқеалар рўй берди. Тарих қачондир ҳукм чиқаради ва ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Сиздан илтимос қилиб сўрайман, урушни тўхтатиб, музокаралар столига ўтиринг. Одамлар музокара олиб бориши керак, бунинг учун бизга тил ва барча қобилиятлар берилган. Одамлар ўлмаслиги керак. Бунга чек қўйиш керак”, дейди хонанда мурожаатда.
Маълумот ўрнида, Валерий Меладзенинг акаси Константин Меладзе собиқ cовет ва украин бастакори ҳамда Украинада хизмат кўрсатган санъат арбоби ҳисобланади.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кирганини маълум қилди.
ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев эса Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси