ИИБ ходимлари фуқарони ечинтириб, таҳқирлагани ростми?

Жамият 19509
image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги интернет тармоғида тарқалган “Ғаллаороллик йигит ИИБ ходимлари уни таҳқирлашганини билдирди” сарлавҳаси билан тарқатилган мақола юзасилан суриштирув ўтказиб, унда айтилган фактлар ўз тасдиғини топмаганини маълум қилди. 

Вазирликнинг расмий баёнотида маълум қилинишича, суриштирув ишлари натижасида қйидагилар аниқланган:

2019 йил 14 февраль куни Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан КIА-ВONGO русумли 10 L 141 LA давлат рақам белгили автомашинасида 1000 литр ёқилғи (бензин)  маҳсулотини Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи Акмал Аблакимов томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.

Тўпланган ҳужжатлар 2019 йил 15 февраль куни Иштихон тумани ИИБ томонидан тегишлилиги бўйича қонуний қарор қабул қилишлик учун Иштихон тумани Давлат солиқ инспекциясига юборилган.

Ижтимоий тармоқларга Акмал Аблакимов тан жароҳати олгани юзасидан берилган хабарга жавобан, Иштихон тумани Тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 14 февраль кунидаги маълумотномасида Акмал Аблакимовнинг ташқи жароҳат белгилари аниқланмаганлиги кўрсатилган.

Фуқаро Акмал Аблакимов билан ўтказилган суҳбат давомида, 2019 йил 14 февраль куни соат 14:00 ларда ишончнома орқали бошқариб юрадиган КIA-BONGO русумли, 10 L 141 LA давлат белгили автомашинасини бошқариб, Иштихон шаҳридаги “Лазизжон” тўй маросимларини ўтказиш маскани қарама-қаршисида жойлашган автомашиналарга ёқилғи қуйиш шаҳобчасига келганлигини, автомашина юк хонасида бўлган бир тонналик елим идишга бир тонна бензин ёқилғисини тўрт миллион сўмга сотиб олганлигини, сўнгра Иштихон туманнинг марказий кўчаси билан Қўшрабод туманига кетаётган вақтида йўлда икки нафар ЙҲХБ ходимлари тўхтатганлигини, ходимларга барча ҳужжатларни тақдим қилганлигини, ходимлар транспорт воситасини юкхонасини кўздан кечирганлигини, ходимларга бензин ёқилғиси борлигини айтганлигини, ходимлар автомашинани А.Аблакимов билан Иштихон туман ИИБга олиб келишганлигини, А.Аблакимов Иштихон тумани прокуратурасига туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, қонуний чора кўришни сўраб, мурожаат қилганлигини маълум қилган. 

Интернет тармоғида бўлиб ўтган воқеа юзасидан хабар эълон қилинганлигини Иштихон туман прокуратурасига келиб эшитганлигини, ўзи интернет тармоғига бу маълумотларни жойлаштирмаганлигини ва ким бу маълумотларни жойлаштирганидан хабари йўқлигини, у туман ИИБда бўлган вақтида ходимлар уни кўрсатма беришга мажбурламаганлигини, ҳеч ким ялонғоч қилмаганлигини, видеотасвирга олмаганлигини, шаъни ва қадр қимматини камситмаганлигини ҳам таъкидлаган.

Ҳозирги кунда юқоридаги ҳолатни мукаммал ўрганиш мақсадида текширув ишлари олиб борилмоқда.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 194
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×