Huawei Android ўрнини босувчи операцион тизимини келгуси йилдан ўрнатади
Технология
−
11 Сентябрь 2020
4789Huawei компанияси 2021 йилда ўз смартфонларига Harmony 2.0 операцион тизимини ўрнатади. Бу ҳақда компания раҳбари Ричард Юнинг маълум қилди.
"Келгуси йилдан Harmony ОS 2.0 барча смартфонларга ўрнатилади. Бу бизнинг мобиль қурилмаларимиз қуввати ва самарадорлигини сезиларли даражада оширади", деди Huawei раҳбари.
Таъкидланишича, операцион тизимнинг янги версияси смартфон, планшет ва компьютердан ташқари, бошқа ақлли қурилмаларда, масалан, ақлли соатлар, автомобиль тизимларидаги карнайларда ҳам ишлаши мумкин.
Huawei ўз операцион тизими Harmony ОS'ни ўтган йилнинг август ойида тақдим этган эди. Компания раҳбари у Android ўрнини боса олишига амин.
Harmony OS кенгайтирилган хавфсизлик хусусиятларига эга бўлган микроядро асосида ишлайди. Операцион тизим телефон, компьютер ва "ақлли уй" мосламаларини синхронлаштириш имкониятига эга. У аввалги андроидларни такрорламайди.
Компания мазкур операцион тизим "инсонлар ҳаёт тарзини янада қулайлаштириш"ига умид қилаётганини маълум қилган.
Тизимни очишда махсус уч қатламли (ядро, хизмат платформаси ва дастурий таъминот) коддан фойдаланилади. Тизимнинг архитектураси барча қурилмаларда узлуксиз ишлашни таъминлашга имкон беришига компания ишонч билдирмоқда.
Маълумот учун, Хитойнинг Huawei ва ТиkТоk технологик гигантлари АҚШда чекловларга дуч келган. Huawei бир йил олдин Президент Дональд Трамп томонидан биринчи марта қора рўйхатга киритилган бўлиб, АҚШ бозорига технологиялар ва таркибий қисмлар етказиб бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси