ICT Week Uzbekistan 2026: Ucell ва Huawei янги 5G FWA ечимини тақдим этади
Бизнес
−
10:01 247 6 дақиқа
2026 йил 22 сентябрь, Тошкент, Ўзбекистон. ICT Week Uzbekistan 2026 кўргазмасида Huawei ва Ucell Ўзбекистон истеъмолчилари ва корхоналари учун янги 5G FWA (Fixed Wireless Access – стационар симсиз уланиш) ечимини биргаликда ишга туширганини эълон қилди. ICT Expo кўргазмасида Ucell FWA технологияси асосида тўғридан-тўғри видеотрансляцияларни амалга ошириш, 4К HD телевидениени томоша қилиш ва бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятларини намойиш этди. Бу орқали 5G FWA технологиясининг юқори тезлик, паст кечикиш ва юқори ишончлилик каби афзалликлари кўрсатиб берилди. Айни пайтда Ucell ўзининг 5G FWA бизнесини фаол ривожлантирмоқда. Бу орқали янада кўпроқ хонадонлар, офислар ва кичик бизнес субъектларига Гбит/с даражасидаги тезликда кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш кўзда тутилган.
(1).jpg)
Ҳозирги кунда дунё бўйлаб қарийб 400 та 5G тармоғи ишга туширилган бўлиб, 200 дан ортиқ оператор FWA технологиясини жорий этмоқда. Ўзбекистон аллақачон 5G даврига қадам қўйди. Мамлакат ҳудудининг катта қисми текисликлардан иборат бўлиб, бу симсиз сигналнинг тарқалиши учун қулай шароит яратади. Бироқ оптик толали тармоқларни ривожлантириш катта инвестициялар, узоқ муддатли қурилиш жараёнлари ҳамда чекка ҳудудларда дастлабки босқичда инвестицияларнинг қайтими паст бўлиши каби амалий муаммолани келтириб чиқариши мумкин. 5G FWA технологияси оптик толали уланишнинг “охирги мили”ни симсиз технология орқали алмаштириш имконини беради ва кенг полосали интернет қамровидаги мавжуд бўшлиқларни тезкорлик билан тўлдиришга хизмат қилади.
“Бунинг учун фойдаланувчиларга атиги СИМ-карта ва 5G CPE-router кифоя. 5G тармоғи қамрови мавжуд бўлган исталган жойда – хоҳ уйда, хоҳ офисда – гигабит даражасидаги интернет тезлигидан фойдаланиш мумкин. Энг янги 5G симсиз технологияси асосида FWA 1 Гбит/с дан юқори юклаб олиш тезлигини таъминлай олади. Бу 8К форматдаги видеоларни томоша қилиш, онлайн ўйинлар ўйнаш ва бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилмани интернетга улаш имконини беради. Шу тариқа хизмат абонентларнинг кундалик кўнгилочар машғулотлари, офисдаги иш фаолияти ва онлайн таълимга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондиради. Кичик бизнес ва чакана савдо соҳасининг эҳтиёжларига келсак, ушбу хизмат ажратилган линиялар, қурилиш ва кабель ётқизиш ишларига бўлган эҳтиёжни бартараф этади ҳамда уланишни мослашувчан тарзда ўзгартириш имконини беради. Натижада харажатларни камайтириш мумкин”, дея таъкидлади Ucell маркетинг бўйича раҳбари Андрей Шадрин.
Ucell компанияси Тошкент ва Фарғона водийси каби муҳим шаҳар ҳудудларини қамраб олган ҳолда қарийб 1 500 та 5G таянч станциясини кенг кўламда ишга туширди. Ҳозирги кунда Ucell 5G мобил алоқа хизматидан фойдаланувчи 1 миллиондан ортиқ абонентга эга. Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ортиқ кишини, хонадонлар сони эса 10 миллиондан зиёдни ташкил этади. Шу билан бирга, стационар кенг полосали оптик толали интернетнинг кириб бориш даражаси атиги қарийб 30 фоизни ташкил қилади. FWA технологияси Гбит/с даражасидаги тезликни таъминлаб, оптик толали тармоқ қамрови мавжуд бўлмаган ҳудудларда интернетга уланиш муаммосини ҳал қилиш ва уй шароитидаги кенг полосали интернетдан фойдаланиш имконини беради. Шу сабабли FWA технологиясини Ўзбекистонда ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Келгусида 5G FWA хизматини ривожлантириш доирасида Ucell иккита асосий мижоз сегментига эътибор қаратади. Биринчиси – қишлоқ ҳудудларидаги хонадонлар ва хусусий уй-жойлар бўлиб, уларнинг интернетга уланиш бўйича асосий эҳтиёжларини қондириш кўзда тутилади. Иккинчиси – кичик ва ўрта бизнеслар ҳамда чакана савдо дўконлари бўлиб, уларга тежамкор ва корпоратив даражадаги кенг полосали интернет хизматлари тақдим этилади.
“Ўзбекистон аллақачон 5G даврига қадам қўйди. Маҳаллий алоқа операторлари аҳоли ва бизнес учун 5G қамровини кенгайтириш ҳамда юқори тезликдаги хизматларни тақдим этиш устида фаол иш олиб бормоқда. 5G FWA технологияси кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятидаги мавжуд камчиликларни самарали ҳал қилиб, фойдаланувчилар тажрибасини яхшилаш ҳамда алоқа операторларига ўз хизмат пакетларини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади. Биз Ucell билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз ва ҳар бир оила, корхона ҳамда тадбиркор рақамли технологияларнинг афзалликларидан фойдаланиши учун Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмасини ривожлантиришда давом этамиз”, дея таъкидлади Huawei’нинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Ван Ци (Wang Qi).
Сўнгги бир неча йил давомида Ucell ва Huawei ҳамкорликда глобал миқёсда етакчи SingleRAN маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда экологик жиҳатдан барқарор ва энергия тежамкор 5G тармоғини барпо этди. Ookla маълумотларига кўра, Ucell учинчи йил кетма-кет Ўзбекистондаги энг тезкор мобил интернет оператори деб эътироф этилди. Айни пайтда компания Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсида 5G қамровини таъминлаган. Кучли 5G MIMO технологиясининг жорий этилиши Ucell фойдаланувчиларига кенг қамровли ва юқори сифатли 5G хизматларини тақдим этиш имконини бермоқда. 100 МГц кенгликдаги C-BAND диапазонидан фойдаланган ҳолда, Ucell компанияси 1,8 Гбит/с гача бўлган максимал тезликка эришмоқда, бу эса унинг бозордаги етакчи мавқеини сақлаб қолишига хизмат қилмоқда.
.jpg)
Huawei билан ҳамкорликда Ucell томонидан намойиш этилган, “plug and play” (“ишга тушир ва фойдалан”) тамойили асосида ишлаб чиқилган 5G FWA ечими уй интернети ва иш муҳитидан фойдаланишнинг турли сценарийларини таъминлай олади. CPE қурилмаси билан жиҳозланган Ucell тармоғида юклаб олишнинг максимал тезлиги 1,8 Гбит/с гача етиши мумкин. CPE бир вақтнинг ўзида 128 тагача қурилмани улашни қўллаб-қувватлайди ҳамда майдони 90–120 м² бўлган одатий турар жойни қамраб олиб, юқори сифатли интернет хизматидан фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга, фаол совитиш тизимига эга ечим юқори юклама шароитида ҳам 5G хизматидан узлуксиз фойдаланишни таъминлайди.
Келгусида Ucell ва Huawei ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, FWA хизматларини илгари суриш ва ривожлантириш ишлари давом эттирилади. 5G тармоғини янада такомиллаштириш ва юқори унумдорликка эга CPE қурилмаларини тақдим этиш орқали Ucell кўпроқ аҳоли ва турли соҳалар учун Гбит/с даражасидаги уй интернети тажрибасини таъминлашни мақсад қилмоқда. Бу уй телевидениеси, видеоконтент, онлайн ўйинлар ва жонли трансляциялар каби йўналишларда уй шароитидаги кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга хизмат қилади ҳамда фойдаланувчиларга юқори тезлик, паст кечикиш ва юқори ишончлиликка эга хизматларни тақдим этади. 5G FWA Ўзбекистон рақамли инфратузилмасининг ажралмас қисмига айланиб, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир оила ва ҳар бир корхонага илғор технологияларнинг афзалликларидан фойдаланиш имконини беради.
ICT Week Uzbekistan – Ўзбекистонда 2004 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган ахборот технологиялари соҳасидаги йирик ва муҳим тадбирлардан биридир. Мазкур тадбир анъанавий равишда ICT Expo каби қатор ихтисослаштирилган тадбирларни ягона формат доирасида бирлаштиради. ICT Week Uzbekistan 2026 2026 йил 22–25-сентябрь кунлари “CAEx” (Central Asian Expo Uzbekistan) мажмуасида бўлиб ўтади. Ташриф буюрувчилар етакчи маҳаллий ва халқаро компанияларнинг энг янги рақамли ечимлари билан танишишлари, шунингдек, ictweek.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳолда форум ва саммитларда иштирок этишлари мумкин.
Реклама ҳуқуқи асосида
Live
Барчаси