Huawei’нинг PowerStar тизими Ucell тармоғининг энергия самарадорлигини оширмоқда

Бизнес

image

Huawei компанияси ва Ucell мобил оператори таянч станцияларнинг энергия истеъмолини оптималлаштириш учун интеллектуал PowerStar тизимини ишга туширганини эълон қилди. Мазкур лойиҳа Ucell компаниясининг энергия самарадорлиги юқори ва экологик барқарор телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчиси Huawei ва Ўзбекистоннинг йирик мобил операторларидан бири бўлган Ucell компанияси оператор тармоқларида интеллектуал энергия тежаш тизими – PowerStar ишга туширилганини эълон қилди. Ушбу қадам Ucell компаниясининг Ўзбекистонда янада барқарор ва энергия самарадорлиги юқори телекоммуникация инфратузилмасини яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада мустаҳкамлайди.

PowerStar реал вақт режимида тармоқ юкламасини таҳлил қилади ва радио тармоқ иш параметрларини мослаштиради. Абонентлар фаоллиги паст бўлган даврларда тизим ускуналарнинг бир қисмини энергия тежаш режимига ўтказади. Тармоқ технологияси ва конфигурациясига қараб, бу жараён ташувчи частоталарни динамик равишда ўчириш, узатиш қувватини камайтириш, радио модуллар ишини оптималлаштириш, шунингдек, ортиқча ресурслардан вақтинча фойдаланишни чеклашни ўз ичига олиши мумкин. PowerStar алгоритмлари қамров сифати, тармоқ юкламаси ва фойдаланувчи тажрибасига қўйиладиган талабларни ҳисобга олади. Бу эса алоқа сифати ва хизматларнинг мавжудлигини сақлаган ҳолда энергия истеъмолини камайтириш имконини беради. Юклама белгиланган чегарага етганда, тизим автоматик равишда тармоқни энергия тежаш режимидан чиқаради ва унинг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлайди.

PowerStar тизимини ишга туширишнинг асосий натижаси – тармоқ энергия сарфининг сезиларли даражада камайиши бўлди. 2026 йил май ойида Тошкентдаги 5G тармоғида PowerStar тизимининг фаоллаштирилиши энергия истеъмолини 15 фоиздан ортиқ камайтириш имконини берди. Умуман олганда, Ucell тармоғида Huawei ускуналари асосида энергия тежамкорлиги ўртача 4 фоизга етмоқда. Мазкур функционаллик бутун тармоқ бўйлаб кенгайтирилганда, ҳар ойда қарийб 200 минг кВт соат электр энергиясини тежаш имконияти яратилади. Бу эса электр энергияси харажатларини камайтириш, CO₂ чиқиндиларини қисқартириш ва атроф-муҳитга тушадиган юкламани камайтиришга бевосита хизмат қилади.

“Яшил АКТ ечимларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш компаниямизнинг стратегик устувор йўналишларидан биридир. “Яшил” ривожланиш барча соҳалар учун аниқ йўналишга айланаётган бир пайтда, рақамлаштириш ва декарбонизация жараёнларининг уйғунлашуви барқарор келажак сари яқинлашишимизга ёрдам беради. Телеком операторлари учун энергия самарадорлиги юқори бўлган ечимларни тақдим этиш орқали, биз телекоммуникация соҳасида чиқиндиларни камайтириш ва шу билан бирга операцион самарадорликни оширишда кўмаклашмоқдамиз. Барқарор алоқа тармоқларини биргаликда яратиш эса атроф-муҳитга тушадиган юкламани камайтиришга хизмат қилади”, деди Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Тан Сяосян.

“Технологик етакчилик стратегиямизга амал қилган ҳолда, Ucell нафақат илғор, балки энергия самарадорлиги юқори бўлган технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда. PowerStar ечими абонентларимизга тақдим этилаётган хизматлар қийматини янада ошириш, шунингдек, бутун Ўзбекистон бўйлаб телекоммуникация тармоқларининг барқарорлиги ва экологик самарадорлигини яхшилаш имконини беради”, деди Ucell бош директори Андрей Шишковский.

PowerStar энергия самарадорлиги юқори ва экологик барқарор телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш стратегиясининг муҳим элементларидан бири бўлиб, технологик тараққиёт ва ресурслардан масъулиятли фойдаланиш ўртасидаги мувозанатни таъминлайди. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши мамлакатдаги алоқа операторларининг барқарор ва экологик тоза фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу Ucell компаниясининг абонентлари учун алоқа сифатини ошириш мақсадида тармоқларни доимий модернизация қилиш ҳамда Ўзбекистонда “яшил” ташаббусларни қўллаб-қувватлашга интилаётганининг навбатдаги тасдиғидир.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг