Гулнора Каримованинг қизи қамоққа киритилмаётганини айтмоқда
Жамият
−
23 Апрель 2021
44088Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Имон Каримова ўзига тайинланган жазони ўтаётган онаси Гулнора Каримова билан учраша олмаяпти. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.
Имон Каримова иддаосича, у онаси билан учрашиш учун Гулнора Каримова жазо ўтаётган 21-сонли жазони ижро этиш колониясига расман мурожаат қилган. ЖИЭК раҳбари Гулруҳ Расулова Имонга қўнғироқ қилиб, у онаси билан учраша олмаслигини айтган.
“Гулрух Расулованинг айтишича, Зангиота колониясида мен ва онамнинг узоқ муддатли учрашуви учун шароит йўқ. “Раҳбарият” бизга узоқ муддатли учрашувга рухсат беришни мақсадга мувофиқ эмас деб топган. Шартлар бошқалар ва биз учун афтидан фарқли бўлиши керак, аммо қандай қилиб тушунарсиз. Мен бунгача бир хил шароитда учрашишга рухсат беришганини айтганимга қарамай, изоҳ беришмади”, дейди Имон Каримова.
Унинг айтишича, Гулрух Расулова Имон Каримова хорижий давлатдан келгани учун “раҳбарият” учрашувга рухсат бермаганини айтган.
“Бунинг рад қилишлари билан қандай алоқаси бор тушунарсиз, негаки мен 3 марта коронавирусга тест топширдим ва барча натижалар манфий чиқди”, дейди Каримова.
Шундан сўнг, Каримова Расулова билан келишганидек, мурожаатига ёзма раддия олиш учун 21-сонли ЖИЭКга келган. Аммо 4 соат кутган ҳамки, хатни ололмаган.
“4 соат 21-сонли ЖИЭК дарвозаси олдида турдим. Кечаги суҳбат чоғида Гулрух Расулова онам билан учрашиш масаласида ёзма раддия беришига келишган эдик. Бугун у суҳбат ҳақида эслай олмади ҳам. 3,5 соатдан кейин у менинг олдимга чиқиб, таажжуб билан “ия, сиз бу ерда нима қиляпсиз”, деди”, дея бўлган воқеани сўзлаб берган Каримова.
Имон Каримова шундан сўнг, 20 дақиқа колония раҳбарининг хотирасини тиклашга уринган, аммо натижа бўлмаган.
“Гулрух Расулова менга ёзма раддия бериш-бермаслиги ҳақидаги саволимга у тушунарсиз жумла билан жавоб берди, эмишки “раҳбарият” ёзма раддия беришни мақсадга мувофиқ деб топмаган. Аммо у оғзаки жавоб берди”, деган Имон Каримова.
У колония масъулига 3 кун олдин одамлар узоқ муддатли учрашувга кирганини, бугун (кеча) ҳам 5 киши қисқа муддатли учрашувга кирганини айтган.
“Бизда бу ерда 3 кунни қўйинг, ҳар куни барчаси ўзгаради. Бизда шароит стандартларга мос эмас. Умуман олганда мамлакатда 1-санадан карантин бошланяпти”, дея Гулрух Расулованинг сўзларини келтирган Имон Каримова.
Эслатиб ўтамиз, Имон Каримова бир неча кун олдин Ўзбекистонга қайтди. Унинг қайтгани Instagram’даги постларидан маълум бўлди.
Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон эса айни вақтда Лондонда таҳсил олмоқда. Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.
Лола Каримованинг қизи Марям эса куни кеча таниқли рус блогери Амиран Сардаровга турмушга чиқди.
Маълумотларга кўра, Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом Каримов ва Имон Каримованинг оиланинг бошқа аъзолари, хусусан холаси Лола Каримова Тилляева ва бувиси Татьяна Каримова билан алоқаси йўқ. Бир вақтлар Татьяна Каримова Имон Каримовани Тошкентда олиб қолишга урингани, унга уй бергани, бироқ Имон буни қабул қилмагани ҳақида гап-сўзлар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова бувиси Татьяна Каримова ва холаси Лола Каримова-Тилляева билан 2017 йилнинг август ойида пойтахт Тошкентда Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросимида қатнашган эди.
LiveБарчаси