Гулнора Каримова, Ихтиёр Абдуллаев ва Рашид Қодиров суди нега ёпиқ эшиклар ортида кўрилган?
Жамият
−
28 Январь 2022
19779Ўзбекистонда судлар мустақил, барча ишларни кўриш давомида очиқлик-ошкоралик таъминланяпти. Бу каби гапларни Олий суд раҳбарлари ва ходимлари оғзидан кўп ва хўп эшитамиз. Жамоатчилик эътиборида бўлган ҳолатлар тергови тугаб, иш судга оширилгани ҳақида расмий баёнотлар берилади, катта-катта мансабдорлар, масалан собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев, ана боринг Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовага оид ишлар ёпиқ эшиклар ортида, ОАВ иштирокисиз кўрилади. Буни юқорида айтилган очиқлик, ошкоралик, тенгликка тенглаштиришимиз мумкинми? QALAMPIR.UZ айнан шу саволлар билан Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовга юзланди.
“Ҳақиқатан ҳам судларнинг очиқлиги, шаффофлиги таъминланяпти. Бугунги кунда Собиқ иттифоқ давлатлари ичида ёки биз тақлид қиладиган ғарб давлатлари, қўйингки, демократик давлат сифатида эътироф этиладиган АҚШда ҳам суднинг фаолияти Ўзбекистондагичалик шаффоф эмас. АҚШда ҳам журналист ёки фуқаро телефон билан судда қатнашолмайди. Ўзбекистонда эса бу имконият бор”, дейди Муслимов
Олий суд раиси ўринбосари сўзида давом этаркан, “давлат сири деган гап борлиги, баъзи ишлар ёпиқ эшиклар ортида кўрилиши муҳим эканини” урғулади.
“Бир нарсани тўғри тушуниш зарур. Давлат сири деган тушунча бор. Махфий информация деган гап бор. Уни ошкор қилиш давлатнинг нуфузи ва мудофаа, давлатнинг ижтимоий қудратларига таъсир қилади ва биз буни ёпиқ суд мажлисларида кўришга мажбур бўламиз”, дейди Олий суд раиси ўринбосари Муслимов.
Эслатиб ўтамиз, суд ҳукмига кўра, собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
2019 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинганди.
Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларда ишлаган М.Мирзаев, Ж.Файзиев, У.Суннатов, Р.Пулатов, А.Мусашайхов, У.Хуррамов, Ю.Гаипов, А.Мирзаев, М.Мирзаева, фуқаролар С.Косимов, А.Икрамов ва Х.Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктирган деб топилди.
Улар бир гуруҳ бўлиб пора олиш, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь