Гулнора изидан ёҳуд собиқ Бош прокурор Отабек Муродов нега қамоқда эмас?
Таҳлил
−
01 Март 2020
51087Бир неча кун аввал, узоқ кутилган суд иши бўйича чиқарилган ҳукм эълон қилинди. Собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга 5 йил озодликдан чеклаш жазоси берилди. Олий суд томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, у Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва бошқа жиноятларда айбли деб топилган.
Ўтган давр мобайнида прокуратура тизимини 15 йил давомида бошқарган Рашид Қодиров иши бўйича суд ҳукмида жиноятчининг қайси моддалар асосида айбли деб топилгани тўлиқ келтирилган эди.
Ўтган 2019 йилда трендга чиққан жиноятлар ичидан “Human” бандлик агентлиги иши бўйича ҳам ҳукм эълон қилинди. Ҳукмда агентлик раҳбари Ш.Файзуллаев қанча муддат олгани ва қайси жиноятларда айбли экани кўрга ҳассадек қилиб қайд этилди.
Бироқ, Отабек Муродов ишида собиқ Бош прокурорга нисбатан айнан қайси моддалар қўлланилгани очиқланмаган. 210-модда ва бошқа моддалар дейиш билан чекланилган. Ваҳоланки, ЖПК 19-моддасининг 10-бандига биноан суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.
Лекин биз эътибор бермоқчи бўлган масала кўпчилик томонидан қайта ва қайта бериладиган савол юзасидан: озодликни чеклаш жазоси ўзи нима ва унинг тартиби қандай?
ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ – УЙ ҚАМОҒИМИ?
Жиноят кодексининг 48-1-моддасида жазо турларидан бири озодликни чеклаш ҳақида қоидалар белгилаб берилган.
Озодликни чеклаш – суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини (уйини) у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.
Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга мазкур жазонинг энг юқори муддати берилган, яъни 5 йил.
Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:
• муайян жойларга бормаслик;
• оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
• муайян фаолият билан шуғулланмаслик;
• муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;
• транспорт воситасини бошқармаслик;
• маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
• муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
• алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;
• алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.
Юқоридаги шартлардан маълумки, маҳкум фақатгина уйда ўтириб, ташқарига чиқмаса бўлди, деган тушунча нотўғри. Унга маълум мажбуриятларни бажариш юклатилади ва бу ҳаммага ҳар хил қўлланилиши мумкин.
Озодликни чеклаш жазосида суд маҳкумни маълум вақтдан кейин уйдан чиқишини тақиқлаши мумкин. Амалиётда кўплаб суд ишларида бу шарт 22-00дан эрталаб 06-00гача кўчага чиқмаслик кўринишида тайинланади.
БИР СУД ИШИДАН МИСОЛ КЕЛТИРАМИЗ. УНДА ЧЕКЛОВЛАР ШУНДАЙ БЕРИЛГАН:
• яшаш жойини ҳукмни ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик,
• оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик,
• муайян жойларда – тунги клублар, ресторан, кафе, бар, спиртли ичимликлари ичиш жойларига бормаслик,
• алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик, муайян буюмларни – барча турдаги пичоқ, темир бўлакларини ўзида сақламаслик,
• Қашқадарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик. (Муродов асли қашқадарёлик)
Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.
АГАР МАЖБУРИЯТЛАР БАЖАРИЛМАСА-ЧИ?
Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида агар маҳкум шартларни тўлиқ бажармаса, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги белгиланган. Бу мажбуриятларни бажармаганларга қатъий чоралар кўрилиши мумкинлигига тарих гувоҳ.
Мисол тариқасида, айнан шундай мажбуриятларни бажармагани, ижтимоий тармоқлардан фойдалангани Гулнора Каримовага қимматга тушган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.
Лекин маҳкума Гулнора Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган. Хусусан, Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган. Огоҳлантиришга қарамасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан: мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланган, жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.
Каримова суд ажримини қасддан бузгани сабаб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияга ўтказилган.
МУРОДОВГА НЕГА ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ БЕРИЛГАН?
Собиқ Бош прокурор Отабек Муродов нега бу жазони олгани ҳақида фақатгина бир гапни айтиш мумкин. Олий суд томонидан берилган нотўлиқ маълумотда фақатгина битта моддани кўрдик. 210-моддасининг (пора олиш) фақатгина 1-бандида бу жазога кўзингиз тушиши мумкин.
Бу нимани англатади? Демак, Отабек Муродов пора олишда:
• кўп ёки жуда кўп миқдорда,
• тамагирлик йўли билан,
• бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб,
• уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб пора олмаган.
Кўп миқдор – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдор;
Жуда кўп миқдор – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор;
Базавий ҳисоблаш миқдори – 223 000 сўм (2020 йил 1 февралдан).
Собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга озодликни чеклаш жазосида суд қандай шартлар қўйгани бизга номаълум. Лекин бир жиҳат маълумки, агар Отабек Муродов ҳам тегишли мажбуриятларни бажармаса, Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-бандига биноан, суд бошқа жазога алмаштириш бўйича ажрим чиқариши мумкин.
Шунингдек, Муродов жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, енгилликлар берилиши мумкин. Суд бундай ҳолатда маҳкум прокурорга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин. Умид қиламизки, Отабек Муродов Гулнора Каримова йўл қўйган хатоларни такрорламайди.