Тезкор: Рашид Қодировга ҳукм ўқилди
Жамият
−
26 Июнь 2019
13657Бугун, 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди, Юнусобод туман судининг биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.
Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.
Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У. Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У. Хуррамов 14 йилга, Ж. Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодиров, М. Мирзаев, А. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, У. Хуррамов, Ю. Гаиповни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.
Судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.
Суд ҳукми эълон қилингач раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь