Грузия ва Украина ўртасида даҳанаки жанг бошланди
Олам
−
04 Июль 2023
25088Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмийларининг Грузия элчисининг маслаҳатлашувлар учун мамлакатни тарк этиши ҳақидаги қароридан чуқур хавотир билдирди. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Грузия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган хабарда айтилади.
“Ушбу ҳаракат дипломатик муносабатларни кескинлаштиришнинг экстремал шаклидир ва расмий Киев ўзига дўст давлат ва халққа қарши шундай қадам қўйгани жуда ачинарли”, дейилади баёнотда.
Вазирликнинг таъкидлашича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвилининг соғлиғи сабабли озод қилингани ҳақидаги адвокатларининг даъвосини қаноатлантирмаган қарори Грузияда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг “энг юқори стандартлари”дан далолат беради.
“Воқеаларнинг бундай ривожланиши фонида Украина расмийларининг қарори икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатларга жиддий путур етказади ва суверен давлатнинг ички ишларига тўғридан-тўғри аралашишни ифодалайди”, дея таъкидлади вазирлик.
Грузия ТИВ расмий Киев ўз қарорини қайта кўриб чиқиши ва икки давлат ўртасида тарихан ўрнатилган дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга ҳаракат қилишига умид қилмоқда.
“Биз Грузиянинг Украина ва украин халқининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини собит қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидламоқчимиз”, дейилади Тбилиси баёнотида.
Вазирликнинг эслатишича, можаро бошлангандан бери Грузия Украинага ҳам икки томонлама даражада, ҳам турли халқаро форматларда сиёсий ва гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда.
“Грузия уруш ҳолатида бўлган Украинага бирдамлик ва ёрдам кўрсатишда давом этишини таъкидламоқчимиз. Айнан Украина урушнинг фаол босқичида бўлганлиги сабабли, Грузия томони халқаро муносабатлар ва асосан ўз шериклари олдидаги катта масъулиятни англаб, ҳозирги босқичда Украина томонидан қўйилган қадамларга жавобан ҳар қандай қўшимча реакциядан ўзини тияди. Икки томонлама муносабатларнинг янада кескинлашиши шундоқ ҳам мураккаб вазиятни боши берк кўчага олиб боради”, дейилади хабарда.
ТИВ Киевдаги Грузия дипломатик миссияси Украинадаги жанговар ҳаракатларнинг энг оғир дамларида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаганига эътибор қаратган.
Киев қарори
Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 3 июль куни Ташқи ишлар вазирлигига Грузия элчисига қўнғироқ қилиб, Саакашвили масаласи бўйича маслаҳатлашиш учун 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш ҳақида буйруқ беришни топширди. У яна Тбилисини Украина фуқароси бўлган Саакашвилини даволаниш учун Киевга ўтказишга чақирди. Зеленскийнинг фикрича, Украинанинг шериклари Саакашвилини сақлаб қолиш учун уни ҳимоя қилишлари керак.
Бугун, 4 июль куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги Грузиянинг Киевдаги элчисини маслаҳатлашиш учун Тбилисига қайтишга таклиф қилди. Департаментнинг хабар беришича, дипломатга Грузия собиқ президентининг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашгани муносабати билан кескин норозилик билдирилган.
4 июль куни Саакашвили Тбилиси шаҳар судининг 2007 йилдаги митингни тарқатиб юбориш бўйича иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этди. Суд залига қўйилган экранда собиқ президент ўта оғир вазиятда кўриниш бергани айтилмоқда.
Собиқ президент Грузияга 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган муниципал сайловлардан бир кун олдин яширинча келган, шундан сўнг у ҳибсга олиниб, Рустави шаҳридаги қамоқхонага жойлаштирилган. У бир нечта жиноий ишларда айбланмоқда. 2022 йил май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги "Вивамед" хусусий клиникасига олиб кетилган ва у шу кунгача ўша ерда қолмоқда. Грузия расмийларининг позицияси шундан иборатки, Саакашвили қамоқдан чиқиш учун ўзини оғир аҳволда деб кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Georgian Airways авиакомпанияси ва унинг асосчиси Гаиашвилига қарши санкциялар жорий қилганди.
LiveБарчаси