Германияда ўзбек аскарлари хотирасига ёдгорлик ўрнатилди (фото)
Жамият
−
09 Май 2020
12181Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонаси томонидан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Германияда ўзбек аскарлари хотирасига атаб ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Бу ҳақда бугун, 9 май куни “Дунё“ ахборот агентлиги хабар берди
Хотира тадбирида Ўзбекистоннинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов ва Детмольд округи президенти Юдит Пиршер иштирок этди. Пиршер Ўзбекистондаги уруш қурбонлари хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Фото: Дунё АА
“9 май Ўзбекистонда “Хотира ва қадрлаш куни“ сифатида нишонланиши, урушда қурбон бўлганлар хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат мақтовга лойиқдир. Иккинчи жаҳон урушида “Шталаг 326“ ҳарбий лагерига келтирилган асирлар орасида бошқа миллат вакиллари қатори 360 нафар ўзбекистонлик бўлгани ва улардан 55 нафари шу ерга дафн этилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Уруш қурбонларининг номларини абадийлаштириш, улар сўнгги қўним топган манзиллари, қабрларини топиш жуда ҳам хайрли ишдир,“ дейди Юдит Пиршер.
Маълум қилинишича, Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкасидаги Штукенброк шаҳарчасида уруш йиллари барпо этилган “Шталаг 326” (Сталаг 326 ВИ К Сенне) ҳарбий лагерининг музейи ва архив ташкилоти билан биргаликда олиб борилган тадбирлар натижасида 1941-1945 йилларда бу ерга келтирилган ўзбек аскарлари ҳақида қимматли маълумотлар тўплашга муваффақ бўлинди.
Тўпланган маълумотларга кўра, 1941-1945 йилларда ушбу лагерга келтирилган 65 минг ҳарбий асир орасида 360 нафар ўзбек аскари бўлган ва улардан 35 нафари “Штукенброк“ ҳарбийлар қабристонига умумий ҳолда дафн этилгани аниқланганди. 2018-2019 йиллар мабайнида Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан “Шталаг 326“ архиви материалларини ўрганиш натижасида яна 20 нафар ватандошимиз мазкур қабристонда мангу ором топгани аниқланди.
Архивдан 1912 йил Бухоро вилоятида туғилган Нурали Сафаров 1943 йил 5 март куни, 1918 йил Тошкент вилоятида туғилган Абдураҳмон Рўзметов 1944 йил 9 июль куни, 1921 йил Самарқандда туғилган Муса Исаев 1943 йил 2 июнь куни, 1915 йил Тошкентда туғилган Анорбой Мирзааҳмедов 1944 йил 25 июль куни, 1902 йил Бухорода туғилган Сафар Камолов 1945 йил 13 январь куни вафот этгани ҳақидаги маълумотлар топилди.
“Бугунги кунда “Шталаг 326” архивидаги ўзбек аскарларига оид маълумотларни аниқлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда“, дейилади хабарда.
Фото: Дунё АА
Фото: Дунё АА
Фото: Дунё АА
Эслатиб ўтамиз, роппа-роса бир йил аввал Набижон Раҳимов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ушбу ҳудудда ёдгорлик ўрнатилиши ҳақида маълум қилганди.
LiveБарчаси