Штукенброк қабристонида уруш вақти дафн этилган уч ўзбекнинг қабри топилди
Жамият
−
13 Февраль 2020
11432Аввалроқ, жорий йилнинг 6 февраль куни “101 ватандош изидан” лойиҳасига старт берилгани, лойиҳа ишчи гуруҳи Ўзбекистон — Германия — Нидерландия — Польша — Беларусь — Россия —Ўзбекистон йўналиши бўйича экспедицияга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Экспедиция аъзоларига шу кунга қадар Берлин, Штукенброк (Германия), Амстердам, Амерсфорт (Нидерландия) шаҳарларида бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган ўзбек ўғлонлари шахсини аниқлашга қаратилган ўрганишлар олиб бормоқда.
Улар мазкур давлатларда учрашувлар ўтказилиб, архив ҳужжатлари ва воқеа гувоҳларининг қимматли маълумотларини тўпладилар. Хусусан, Ўзбекистоннинг Германия элчихонаси томонидан ўрганишлар натижасида фашистлар томонидан ташкил этилган Stalag 326 VI K Senne ҳарбий лагерига тегишли Биродарлик қабристонида ўзбек жангчилари дафн этилган жой аниқланган эди. Экспедиция аъзолари Ўзбекистондан олиб келган тупроқ у ерда қабрлари аниқланган 3 нафар ўзбекистонлик қабрига қўйилган. Бунда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси вакиллари яқиндан кўмаклашган. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан “101 ватандош изидан” экспедицияси аъзоларига Иккинчи жаҳон урушида Германиядаги Stalag 326 VI K Senne ҳарбий лагерида асирга тушган 360 нафар ўзбекистонликлар рўйхати ҳамда 35 нафар ўзбек аскарининг айнан Штукенброк қабристонида дафн этилгани бўйича архив ҳужжатлари топширилди. Экспедиция аъзолари томонидан 3 нафар ватандош қабри шу ернинг ўзида аниқланди. Улар:
(Saodarov Nurali) Сафаров Нурали Сафарович, 1912 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 1943 йил 5 март куни вафот этган. Отаси — Бекмаров Сафар, онаси — Сафарова Қундус.
(Оммавий дафн этилган қабр тошининг 48-сида дафн этилган)
(Avizub Bagron) Авезов Баҳрон, 1921 йилда туғилган. 1944 йил 8 март куни вафот этган. Турмуш ўртоғи — Хурсанова Норжон.
(Биродарлик қабристони учун ўрнатилган 36 та қабр тошнинг 29-сида дафн этилган)
(Ruzmet Atrachman) Рузметов Абдураҳмон, 1918 йил 3 мартда Тошкент вилоятида туғилган. Онасининг исми (Згоида) эҳтимол Саида бўлиши мумкин. 1944 йил 9 июлида вафот этган.
( Биродарлик қабристони учун ўрнатилган 36 та қабр тошининг 32-сида дафн этилган)
2020 йилнинг 11 февраль куни экспедиция аъзолари Амерсфорт шаҳри яқинида дафн этилган 101 номаълум аскар қабрларини зиёрат қилдилар. У ерда кам сонли шахси аниқланган уруш қурбони — навоийлик аскар Саидқул Қаҳҳоров қабрига унинг Нурота туманидаги ҳовлисидан келтирилган турпоқ қўйилди. Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, ташриф якунида Тошкент шаҳрида жойлашган Хотира боғига қўйиш учун ўзбеклар дафн этилган ушбу қабристон турпоғи ҳам олиб кетилди.
Шунингдек, катта ҳажмдаги ўрганишлар олиб борган нидерландиялик журналист Ремко Рейдинг билан учрашув ўтказилди. Томонлар 101 ватандош шахсини аниқлаш бўйича ишларни янада жадаллаштириш, уларга бағишлаб тасвирга олинаётган ҳужжатли фильм доирасида ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон ва Нидерландия ҳудудларида аскарлар хотирасига бағишланган хотира тадбирларини ўтказиш ҳамда делегациялар ташрифлари масалаларини муҳокама қилдилар. Мазкур тадбирларни ташкиллаштиришда Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонаси вакиллари яқиндан кўмаклашдилар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили QALAMPIR.UZ Берлинда бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов билан айнан "Штукенброк" қабристонига умумий ҳолда дафн этилган35 ўзбекистонлик ҳақида суҳбатлашиб қайтганди.
LiveБарчаси