Видео: Германиядаги асирлар лагерида вафот этган 35 ўзбек хотирасига ёдгорлик ўрнатилади
Интервью
−
08 Май 2019
13804Германиядаги Штукенброк қабристонида 1941-1945 йилларда дафн этилган 35 нафар ўзбекнинг қабри бор. Улар асирлар лагерида ҳалок бўлган. Шу кунларда уларга оид маълумотларни излаб топиш, шахсини аниқлаш юзасидан иш олиб борилмоқда. Тез орада ушбу қабристонда Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган 35 нафар ўзбек йигити хотирасига ёдгорлик ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг кўмаги остида амалга оширилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Германия бўйлаб медиа-тур ташкил этилди. Айни вақтда Берлинда бўлиб турган QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб, элчи Набижон Қосимов билан суҳбатлашди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи Жаҳон уруши йиларида фашизм ҳарбий лагерларида ҳалок булган ўзбек солдатлари тўғрисида маълумотлар йиғиш, қабрларини топиш ва рўйхатини аниқлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ери Детмольд районининг Штукенброк шаҳарчасида жойлашган "Шталаг 326" - ҳарбий асирларга оид маълумотлар маркази ва музейи билан яқин алоқалар ўрнатилган.
Элчи Набижон Қосимовга кўра, 1941-1945 йилларда бу ерда барпо этилган лагерга келтирилган 42 000 ҳарбий асирлар орасида 360 нафар ўзбек аскарлари бўлган. Улардан 35 нафари "Штукенброк" қабристонига умумий ҳолда дафн этилган. Қолган ватандошларимиз ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида, жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Набижон Қосимов "Штукенброк" ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ўзбекларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида бу ерга ташриф буюрди.
"Шталаг 326" маркази ижрочи директори О.Никель билан суҳбат чоғида ушбу ҳарбийлар қабристонида мангу ором топган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ёдгорлик тоши ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама этилган.
Учрашув чоғида биргаликда тегишли ҳужжатларни тайёрлашга ва барча ташкилий масалаларни ҳал этиб, келгуси йил май ойида ўзбек ҳарбийлари дафн этилган мазкур қабристонга хотира тоши қўйиш масаласида келишиб олинган.
О.Никель Ўзбекистонда ҳар йили 9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётгани, урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш борасида жуда муҳим тадбир эканини таъкидлаган.
"Бизнинг марказ уруш йилларида бу ерда барпо этилган лагердаги ҳарбий асирларнинг шахсларини аниқлаш бўйича иш олиб боради. Ҳарбий асирларга оид маълумотлар жамланмасини шакллантириш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда архив материаллари устида доимий иш олиб борамиз. "Штукенброк" қабристонига дафн этилган жуда кўплаб ҳарбийларнинг туғилиб ўсган манзилларини аниқлаб, қариндошларини хабардор қиламиз. Улар ҳар йили бу ерга келиб, яқинларининг хотирасини ёд этишади. Шунингдек, марказда ташкил этилган музейда ҳарбий асирларнинг буюмлари, улар ҳақида маълумотлар жойлаштирилган. Бу ерга мактаб ўқувчилари, ёшлар, меҳмонлар тез-тез ташриф буюришади. Юртингизда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида байрам қилиниши тахсинга лойиқдир. Бу ерда дафн этилган ўзбек аскарларининг қариндошларини топишда биздаги маълумотлар ёрдам беради, деб уйлайман. Қолаверса, элчихонангизни ўз ватандошлари хотирасига ёдгорлик тоши қўйиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, уни амалга оширишда кўмаклашишга тайёр эканимни билдирмоқчиман", деган О.Никель.
Учрашув сўнгида "Шталаг 326" марказидаги мавжуд архивдан ўзбек ҳарбий асирлари рўйхати, уларга оид сақланиб қолган ҳужжатлардан нусхалар олинди. Аксарият қисми сарғайиб кетган ушбу ҳужжатларда ватандошларимизнинг расмлари, уларнинг шахсига оид маълумотлар ифода этилган.
Айримларидан мисоллар келтирамиз:
- Сафаров Нурали, 1912 йилда туғилган, бўйи 160, оддий аскар, касби – деҳқон, отаси – Сафар, онаси – Қундуз, манзили – Ўзбекистон ССР, Бухоро вилояти, с.Бекмаров. 1943 йил 5 мартда вафот этган;
- Рузметов Абдурахмон, 1918 йил 3 мартда тугилган, бўйи – 180, оддий аскар, касби – деҳқон, отаси – Рузмет, онаси - Зиёда, манзили – Ташкент вилояти, ст.Таркана. 1944 йил 9 июлда вафот этган.
Ушбу рўйхат ва ҳужжатлар асосида уруш йилларида бедарак кетиб, "Штукенброк" ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ватандошларимизнинг қариндошлари, яқинлари топилса ажаб эмас.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15