Ғазода илк бор очарчилик расман тасдиқланди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо секторидаги очарчиликни биринчи марта расман тасдиқлади. БМТ Ғазодаги очлик даражасини энг ёмон  5-босқичга кўтариб, бутун дунёга урушни тўхтатиш бўйича тезкор баёнот билан чиқди.

БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (FAO), UNICEF, Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) биргаликда очликдан ўлимлар изчил равишда ошиб бораётгани, болалар орасида тез суръатда кучайиб кетаётган озғинлик, озиқ-овқат истеъмоли кескин пасайиб кетгани ва юз минглаб одамлар кунлаб овқатсиз қолиб кетаётгани фонида дарҳол ва тўлиқ миқёсда гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

“Дарҳол ўт очиш ва можарони тўхтатиш — кенг кўламли гуманитар ёрдамни ҳеч қандай тўсиқсиз амалга ошириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунингдек, Ғазо шаҳрида ҳарбий ҳаракатлар кучайиши ва можаро янада авж олиши очлик мавжуд бўлган ҳудудларда аҳоли учун янада ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида жиддий ташвиш билдирилди. Айниқса, касал ва озиб кетаётган болалар, қариялар ва ногиронларни эвакуация қила олмаслик мумкин” , дейилади баёнотда.

IPC (Озиқ-овқат хавфсизлигини интеграл фазалар бўйича таснифлаш — БМТ агентликлари ва халқаро ННТларни ўз ичига олган 21 шериклик ташаббуси) таҳлилига кўра, сентябрь ойи охирига қадар 640 мингдан зиёд одам озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори — IPC 5-фаза (Катастрофа) ҳолатига тушиши кутиляпти. Қўшимча равишда 1,14 миллион киши IPC 4-фаза (Ёрдамсиз қолиш ҳолати) ва яна 396 минг киши IPC 3-фаза (Инқироз) ҳолатида бўлиши мумкин. Шимолий Ғазода вазият Ғазо шаҳридагидан ҳам оғирроқ экани тахмин қилинмоқда, аммо маълумотлар етишмовчилиги сабабли расмий IPC баҳоси берилмаган. 

Баёнотда қайд этилишича, очарчиликни расман эълон қилиш дегани – энг оғир тоифа ишга тушганини англатади. Бу ҳолат учта асосий кўрсаткич бузилганда қайд этилади: озиқ-овқатдан кескин маҳрум бўлиш, кучли озғинлик ва очликдан ўлим ҳолатлари. Янги таҳлил ушбу мезонлар бажарилганини асосли далиллар билан тасдиқлаган.

Деярли икки йилдан бери давом этаётган можаро, оммавий кўчиришлар, гуманитар ёрдамга қаттиқ чекловлар, озиқ-овқат, сув, тиббий ёрдам, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва балиқчиликка кўмак беришнинг тўхтатилиши, шунингдек, соғлиқни сақлаш, санитария ва бозор тизимларининг емирилиши одамларни очликка маҳкум этди.

“Ғазода озиқ-овқатга кириш имконияти қаттиқ чекланган. Июль ойида энг оғир очликка дуч келган оилалар сони май ойига нисбатан бутун ҳудуд бўйлаб икки баробарга, Ғазо шаҳрида эса уч баробарга кўпайган. Аҳолининг учдан бир қисми (39 фоизи) кунлаб овқат емаётганини билдирган, катталар эса кўп ҳолларда болаларни озиқлантириш учун ўз овқатини ташлаб юбормоқда.Болалар орасида озғинлик катта тезлик билан ўсмоқда. Фақатгина июль ойида 12 мингдан ортиқ бола кучли озғин деб аниқланган — бу ҳеч қачон қайд этилмаган энг юқори ойлик кўрсаткич бўлиб, йил бошидан бери олти баробар ошган. Уларнинг қарийб тўртдан бири оғир озғинликка дуч келган, бу энг хавфли кўриниш бўлиб, қисқа ва узоқ муддатли оғир оқибатларга олиб келади”, дейилади баёнотда.

Май ойидаги охирги таҳлиллардан бери, 2025 йил июнга қадар озғинликдан ўлим хавфи юқори бўлган болалар сони 14 100 нафардан 43 400 нафаргача ошган. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар орасида ҳам ҳолат кескин ёмонлашгани айтилади: май ойида 17 минг деб баҳоланган ҳолат, 2026 йил ўртасига бориб 55 минггача кўпайиши кутиляпти. Бунинг таъсири кўзга яққол ташланади: ҳар беш чақалоқдан бири муддатидан аввал ёки кам вазнли бўлиб туғилади.

Таъкидланишича, июль ойидан бери Ғазога озиқ-овқат ва ёрдам миқдори озгина кўпайган, аммо эҳтиёжга нисбатан ҳали ҳам кескин етишмовчилик бор.

“Шу орада, ҳудуддаги 98 фоиз қишлоқ хўжалиги ерлари зарарланган ёки йўқ қилинган — бу қишлоқ хўжалиги ва маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқаришини бутунлай вайрон қилди. Шу билан бирга, аҳолининг 10 кишидан 9 нафари уйидан кўчирилган. Нақд пул ўта танқис, ёрдам амалиётлари издан чиққан.Ғазода соғлиқни сақлаш тизими оғир ҳолатда. Ичимлик суви ва санитария хизматлари кескин қисқарган, антибиотикка чидамли инфекциялар кўпайган. Болалар орасида ич кетиш, иситма, нафас йўллари касалликлари ва терининг яллиғланиши каби касалликлар катта тезлик билан ўсмоқда”, дейилади баёнотда.

ТИРИК ҚОЛИШ ЙЎЛЛАРИ АЙТИЛДИ

БМТ тирик қолиш учун зарур гуманитар ёрдамни таъминлаш мақсадида қуйидагиларни таъкидламоқда:

  • Дарҳол ва барқарор ўт очишни, одамлар ўлимини тўхтатиш;
  • Гаровдагиларни хавфсиз озод қилиш;
  • Бутун Ғазо бўйлаб катта ҳажмда ёрдамни ҳеч қандай тўсиқсиз киритиш;
  • Озиқ-овқат миқдорини кўпайтириш, унинг етказилиши ва тарқатилишини яхшилаш;
  • Шахсий бошпана, ёқилғи, газ, қишлоқ хўжалиги учун керакли воситаларни етказиш;
  • Соғлиқни сақлаш тизимини тиклаш, бирламчи тиббий хизматни таъминлаш, дори-дармон етказиш;
  • Савдо оқимларини тиклаш, бозор тизимлари ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қайта жонлантириш.

Қайд этиш жоиз, кечанинг ўзида Ғазо секторида яна икки фаластинлик очликдан вафот этди. 

Аслида ҲАМАС мамлакатдаги бундай очарчиликни енгиш учун гаровдагиларнинг яримини озод қилиш шарти орқали Исроил билан ўт очишни тўхтатишга ҳам рози бўлганди, бироқ Исроил буни рад этиб, Ғазони "босиб олишда" давом этмоқда.

Минг афсуски, БМТнинг бундай катта чиқишлари ҳам бу урушни тўхтатиш учун замин яратиши амримаҳол. Сабаби бу унинг урушни тўхтатиш борасидаги илк баёноти эмас.

Очарчиликка  барҳам бериш эса ҳали ҳам мушкул масала, чунки Исроил кучларининг Ғазо секторини тўлиқ эгаллаш операцияси 2026 йилда ҳам давом этиши кутилмоқда.

Дилбар Шоакромова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ЖССТ БМТ UNICEF Ғазо ҲАМАС FAO

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг