Ғарбнинг Украинага ёрдам бериши русофобиянинг чўққиси бўлди – Лавров

Олам

image

Украина расмийларининг Вашингтон ва Брюссель томонидан сўзсиз қўллаб-қувватланиши Ғарбнинг русофобия курсисининг чўққиси бўлди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва давлат халқаро муносабатлар институтида бўлиб ўтган “Рақамли халқаро муносабатлар – 2022” анжуманида айтиб ўтди.

“Ушбу русофобик курснинг кулминацион нуқтаси Вашингтон ва Брюссель томонидан радикал миллатчи Киев режимини сўзсиз қўллаб-қувватлаш, Украинада ўта радикалларни тарбиялаш, Украинадан “анти-Россия”ни яратиш бўлди”, дейди у.

Лавровнинг сўзларига кўра, АҚШ бошчилигидаги Ғарб бугунги кунда бошқа давлатларнинг миллий манфаатларига зиён келтирган ҳолда ўзининг тор ғаразли вазифаларини ҳал этишда давом этиш учун халқаро масалаларда ўз ҳукмронлигини тиклаш ва мустаҳкамлашга интилмоқда.

“Ушбу тажовузкор чизиқнинг энг муҳим таркибий қисми Ғарбнинг узоқ йиллик мамлакатимизни ҳар томонлама, тизимли равишда ушлаб туриш сиёсатидир”, дейди у.

Вазирнинг таъкидлашича, Ғарб саккиз йил давомида Киевнинг Минск келишувларини бажаришни истамаслигидан “қалқон” сифатида фойдаланиб келган ва Украина ҳукуматини Донбассдаги инқирозни куч билан ҳал қилишга ундамоқда. 

“Украина НАТОга фаол жалб қилинди, рус тили, рус таълими, рус оммавий ахборот воситаларини тақиқлаш ҳар томонлама рағбатлантирилди, мустақил журналистларни ҳибсга олиш, таъқиб қилиш ва ҳаттоки ўлдириш ҳам кўпайди”, дейди Лавров.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг