Ғарбий Соҳилда яна исроилликлар билан тўқнашув бўлди
Олам
−
10 Апрель 2023
6466Бугун, 10 апрель куни Ғарбий Соҳилдаги Наблус провинциясида Исроил кучлари билан тўқнашувда камида 57 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Фаластиннинг “WAFA” агентлиги хабар берди.
Фаластин Қизил ярим ой жамиятининг Наблусдаги шошилинч тиббий ёрдам хизмати раҳбари Аҳмад Жибрил Исроил ҳарбийларининг Сабиҳ тоғидаги тўқнашувларда кўзни ёшлантирувчи газ қўллагани сабабли 56 кишида бўғилиш аломатлари кузатилганини маълум қилган. Бундан ташқари, “Roya” телеканали оператори резина ўқдан яраланган.
10 апрель куни эрталаб Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғарбий Соҳилдаги Ариха шаҳри жанубидаги қочқинлар лагерида Исроил ҳарбийлари томонидан қилинган ҳужум оқибатида 15 яшар фаластинлик бола ҳалок бўлганини эълон қилган.
Манбага кўра, Исроил қўшинлари эрталаб қочқинлар лагерига кириб, террорчиликка алоқадорликда гумон қилинган фаластинликларни қўлга олиш амалиётини бошлаган. Улар ўзларининг фаолиятини Исроил шаҳарларида содир этилган қатор терактларга жавобан Ғарбий Соҳилда аксилтеррор операциялар ва рейдлар ўтказиш, деб тарифлаган.
Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни Исроил хавфсизлик кучлари Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа воситалар ёрдамида ҳужум қилганди. 6 апрель куни эса Ливан ҳудудидан Исроилга қарши ракета зарбалари берилди. Бунга жавобан Исроил ҲАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидаги ўқув базаси ва ҳарбий постларига ҳужум қилди. Шундан сўнг, Ливан ҳудудига ҳам ҳужум уюштирилди.